7 Май 2018

ИККИНЧИ ЎЗБЕКИСТОН ВЕТЕРИНАРИЯ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

Ассалому алайкум, қадрли устозлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Азиз ҳамкасблар!

 

“Ҳалқаро ветеринария куни” муносабати билан ташкил этилган Иккинчи Ўзбекистон ветеринария конференцияси доирасида учрашиб турганимиздан бехад хурсандман.

Конференция ишини очиқ деб эълон қилишга рухсат бергайсиз!

Бугунги нуфузли тадбиримизда иштирок этиш учун Халқаро Эпизоотик Бюронинг мустақил экспертлари, хусусан Слабоден Чокревский – Македониядан, Берри Стемшорн – Канададан ва Пабло Белмар – Чилидан ташриф буюришган.

“Халқаро ветеринария куни” байрамини биз билан бирга нишонлаш учун ташриф буюрган Халқаро Эпизоотик Бюронинг вакилларига ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.

 Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, турмуш даражасини кўтаришнинг барқарор ривожланишида ветеринария врачи касбининг ўрни алоҳида ахамият касб этади.

Бу ҳақда 2018 йилда “Халқаро ветеринария куни”га бағишлаб бутун дунёда ташкил этилаётган тадбирларнинг барчасида қайд этилмоқда.

Дунё аҳолисининг катта қисми қишлоқ жойларида яшайди. Қайси-ки, кунлик эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, айтиш мумкин-ки деярли барча масалаларда ҳайвонлар ҳаётнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган жойларда яшайди.

Ушбу жойларда аҳолини аксарият қисмининг даромади айнан ҳайвонлар билан боғлиқ.

Яна айтиш мумкин-ки, кўпчилик ҳолларда чорва ҳайвонлари транспорт мақсадларида фойдаланиш ҳамда ерларга ишлов бериш воситаси, тупроқ унумдорлигини ошириш манбаи ва ортиқча даромадни мақсадли сақлаш воситаси ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, 2050 йилга бориб ер аҳолиси 9,7 млрд. кишига етиши прогноз қилинмоқда. Бу ўз ўзидан инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаётган муҳитнинг зичлашуви ҳамда келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни бугунги кундагидан кўра кўпроқ муомалага киритилишига олиб келади ва бу жараёнда ветеринария врачи деган касбнинг олдидаги масъулият ва вазифаларнинг ортиб боришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Зеро, ветеринария врачлари бутун дунёда аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини кафолатлаш учун уларни етиштиришнинг барча босқичларида ёки бошқачароқ қилиб айтганда “Хўжаликдан - дастурхонгача” бўлган жараёнларнинг барчасида тўлиқ иштирок этади ва назоратини таъминлайди.

Булардан кўришимиз мумкин-ки, ветеринария врачи касби жамият манфаати учун хизмат қилувчи кенг қамровли касблардан биридир.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Ўзбекистон ветеринариясида ҳам ўз аксини топмоқда.

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ветеринария соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, мамлакатда ветеринар осойишталикни таъминлаш ҳамда ҳалқимизнинг тобора ўсиб бораётган эҳтиёжи учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш борасида янгидан-янги марралар забт этилди.

Ветеринария соҳасининг нуфузи нафақат мамлакатда балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юқори даражаларга кўтарилишига эришилди.

Ўзбекистонда Давлат қўмитаси кўринишида мустақил фаолият олиб борувчи тузилма сифатида ташкил этилган - таъбир жоиз бўлса яратилган ветеринария хизматининг тизими бутун дунёда намуна сифатида эътироф этилмоқда.

Соҳанинг тараққиёти янги босқичга олиб чиқилди.

Хусусан, 2017 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони эълон қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифа ва функциялари белгиланди. Шунингдек, давлат ветеринария хизматининг тузилиши алоҳида вазирлик мақомида янгидан шакллантирилди ва қуйидаги асосий вазифалар:

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш;

меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш;

мазкур соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

ҳайвонларни турли касалликлардан сақлаш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хомашёлар хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Ветеринария соҳасида илмий-тадқиқотлар ҳажми, кўлами ва сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Ветеринария илмий-тадқиқот институти Давлат ветеринария қўмитаси тизимига ўтказилди.

Бир бирининг фаолиятини такрорловчи ветеринария лабораториялари фаолияти тугатилиб, уларнинг негизида жаҳон андозаларига мувофиқлаштириш мақсадида Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари ташкил этилди.

Давлат ветеринария қўмитасининг ташкил этилиши биринчидан, ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга;

иккинчидан, ветеринария амалиётининг фан билан ўзаро самарали ва фаол ҳамкорлигини таъминлашга;

учинчидан, мавжуд кадрлар салоҳиятининг мустаҳкамланиши ва юқори малакали кадрлар захирасини яратишга;

тўртинчидан, ҳайвонлар соғлиғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда соҳа фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратди.

2017 йилнинг 22 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги яна бир муҳим қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби ҳамда бу бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш белгиланди.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиман-ки, ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ветеринария хизматини тубдан такомиллашувига хизмат қилиш билан бирга, келгусида ҳалқимизнинг бу борадаги муносабатларида қулай шарт-шароитлар яратиш ва янгидан-янги инновацион ечимларни хаётга тадбиқ этилишига замин яратади.

Хусусан, мамлакатда мавжуд барча ҳайвонлар тўлиқ идентификация қилиниб, ягона маълумотлар базаси яратилиши натижасида аввало, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларнинг экспортига йўл очилади.

Қолаверса, аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг кафолатланишига эришилади.

Келиб чиқиши номаълум бўлган чорвачилик маҳсулотлари сотилиши олди олинади.

Шунингдек, чорва ҳайвонларининг ҳаракати, жумладан ҳайвонни сўйиш ва сотиш учун бўлган ҳаракатлар инсон омилисиз электрон базада акс этишига эришилади.

Бу албатта жуда кенг қамровли ва машаққатли вазифа.

Бироқ, биз ушбу ишларни амалга ошириш ва ҳаётга самарали тадбиқ этиш учун белимизни маҳкам боғлаб ишлаймиз, бор билим ва тажрибамизни ҳамда куч ва имкониятларимизнинг барчасини сафарбар этамиз.

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!


Яна бир муҳим жараёнга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Сўнгги йилларда ветеринария хизмати соҳасида халқаро муносабатлар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.

2017 йилнинг 18-20 октябр кунлари Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори, яъни Халқаро ветеринария ташкилотининг раҳбари Моник Элуа хоним бош директорлар орасида биринчи бўлиб расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Таъбир жоиз бўлса, ушбу тарихий сана Ўзбекистон ветеринариясида янги даврни бошлаб берди десак хеч муболаға бўлмайди.

Халқаро Эпизоотик Бюро бош директорининг Ўзбекистонга ташрифи давомида бир қатор олий даражадаги учрашувлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ҳамда давлат ветеринария қўмитаси раиси билан расмий учрашувлар ташкил этилиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ҳамкорликдаги вазифалар тўғрисида муҳокамалар олиб борилди.

Бош директор ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасида ветеринария соҳасида хамкорлик қилиш бўйича ҳалқаро шартнома имзоланди.

Ўзбекистон Президенти томонидан ветеринария соҳасига катта эътибор берилаётганлиги, бошқарув тизимида ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг тараққиёти янги босқичга кўтарилаётганлиги Бош директор томонидан алоҳида эътироф қилинди.

Ўзбекистоннинг ветеринария соҳасидаги бошқарув тизимида жорий қилинган бу илғор тажрибани Халқаро Эпизоотик Бюрога аъзо мамлакатлар ўртасида тарғиб этиш ва даъват қилиш зарурлиги қайд этилди.

Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори Моник Элуа Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёти банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари билан учрашиб, ветеринария хизматини янада ривожлантиришга грант маблағларини йўналтириш бўйича келгусида амалга оширилиши долзарб бўлган вазифалар тўғрисида келишиб олинди.

Шу ўринда таъкидлашимиз керак-ки, ҳар қандай юклатилган вазифа виждон билан, масъулият билан, садоқат билан бажарилар экан у албатта муносиб рағбатлантирилиши шарт.

Шу нуқтаи назардан, 2017 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яна бир тарихий қарори қабул қилинди.

Қарор билан иккита долзарб низомлар тасдиқланди:

Биринчиси, “Хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида ишлаётган ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш шартлари ва тартиби” бўлса,

Иккинчиси, “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби” бўлди.

Таъбир жоиз бўлса, ушбу қарорни бир неча минглаб ветеринария мутахассислари истагидаги, қолаверса орзусидаги қарор деб эътироф этишимиз хеч шубҳасиз хато бўлмайди.

Бугун Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қаторида ветеринария соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ветеринария мутахассисларига юксак ифтихор билан бирга улкан масъулият ва мужбурият юклайди.

Ҳар бир ветеринария мутахассиси мана шуни хеч қачон эсдан чиқармаслиги керак!

 

Ҳурматли конференция иштирокчилари ва Азиз меҳмонлар!

 

Сўзимни якунлар эканман, барчангизга бугунги тадбирда яхши кайфият тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Дунёда ветеринар осойишталик хеч қачон издан чиқмасин.