7 Май 2018

ИККИНЧИ ЎЗБЕКИСТОН ВЕТЕРИНАРИЯ КОНФЕРЕНЦИЯСИ


“Ҳалқаро ветеринария куни” муносабати билан жорий йил 6 май куни “Туркистон” санъат саройида Иккинчи Ўзбекистон ветеринария конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этиш учун Халқаро Эпизоотик Бюронинг мустақил экспертлари, хусусан Слабоден Чокревский – Македониядан, Берри Стемшорн – Канададан ва Пабло Белмар – Чилидан ташриф буюришди.

Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, турмуш даражасини кўтаришнинг барқарор ривожланишида ветеринария врачи касбининг ўрни алоҳида ахамият касб этади.

Бу ҳақда 2018 йилда “Халқаро ветеринария куни”га бағишлаб бутун дунёда ташкил этилаётган тадбирларнинг барчасида қайд этилмоқда.

Дунё аҳолисининг катта қисми қишлоқ жойларида яшайди.     Қайси-ки, кунлик эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, айтиш мумкин-ки деярли барча масалаларда ҳайвонлар ҳаётнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган жойларда яшайди.

Ушбу жойларда аҳолини аксарият қисмининг даромади айнан ҳайвонлар билан боғлиқ.

Яна айтиш мумкин-ки, кўпчилик ҳолларда чорва ҳайвонлари транспорт мақсадларида фойдаланиш ҳамда ерларга ишлов бериш воситаси, тупроқ унумдорлигини ошириш манбаи ва ортиқча даромадни мақсадли сақлаш воситаси ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, 2050 йилга бориб ер аҳолиси 9,7 млрд. кишига етиши прогноз қилинмоқда. Бу ўз ўзидан инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаётган муҳитнинг зичлашуви ҳамда келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёларни бугунги кундагидан кўра кўпроқ муомалага киритилишига олиб келади ва бу жараёнда ветеринария врачи деган касбнинг олдидаги масъулият ва вазифаларнинг ортиб боришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Зеро, ветеринария врачлари бутун дунёда аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини кафолатлаш учун уларни етиштиришнинг барча босқичларида ёки бошқачароқ қилиб айтганда “Хўжаликдан - дастурхонгача” бўлган жараёнларнинг барчасида тўлиқ иштирок этади ва назоратини таъминлайди.

Булардан кўришимиз мумкин-ки, ветеринария врачи касби жамият манфаати учун хизмат қилувчи кенг қамровли касблардан биридир.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Ўзбекистон ветеринариясида ҳам ўз аксини топмоқда.

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ветеринария соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, мамлакатда ветеринар осойишталикни таъминлаш ҳамда ҳалқимизнинг тобора ўсиб бораётган эҳтиёжи учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш борасида янгидан-янги марралар забт этилди.

Ветеринария соҳасининг нуфузи нафақат мамлакатда балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юқори даражаларга кўтарилишига эришилди.

Ўзбекистонда Давлат қўмитаси кўринишида мустақил фаолият олиб борувчи тузилма сифатида ташкил этилган ветеринария хизматининг тизими бутун дунёда намуна сифатида эътироф этилмоқда.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ж.Азимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Б.Тажиев ва 700 нафардан ортиқ соҳа фаҳрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан давлат, идоравий ва хусусий ветеринария хизмати вакиллари иштирок этдилар.

Конференция доирасида “Олтин тулпор” конкурси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб, 11 номинация бўйича “Олтин тулпор” мукофоти ҳамда махсус совринлар муносибларга топширилди. Жумладан, Хоразм вилояти Хива тумани "Оқ-ёп" ветеринария участкаси мудири Жуманиёзов Хамрахбек Кабулович йилнинг энг яхши ветеринария врачи номинациясини қўлга киритди. Тадбир давомида эл севган санъаткорлар иштирокида чиқишлар ҳавола қилинди.

Давлат ветеринария қўмитаси
Матбуот хизмати