Вазифа

Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни 11-моддасида Давлат ветеринария хизматининг вазифалари белгилаб қўйилган. Бунга кўра, Давлат ветеринария хизмати:

  • эпизоотик мониторингни амалга оширади;

  • ҳайвонлар касалликларининг пайдо бўлиши ва уларнинг нобуд бўлиши сабабларини таҳлил қилади, ушбу касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

  • қуйидаги йўналишлар бўйича давлат ветеринария назоратини амалга оширади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчилар олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, шунингдек ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчаларни тайёрлаш, олиб ўтиш (ташиш), экспорт ва импорт қилиш;

  • ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқариш;

  • ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларни тугатишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

  • соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа органлар билан биргаликда ҳайвонлар ва одам учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ўчоқларини тугатади, шунингдек ўзаро ахборот алмашишни амалга оширади;

  • барча чорвачилик объектларининг, кушхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишловчи корхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни реализация қиладиган ва сақлайдиган савдо шохобчаларининг, омборларнинг ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилади, бу объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг, шунингдек ер қазиш ишларининг ветеринария экспертизасини амалга оширади;

  • ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш, озуқаларнинг, шунингдек чорвачилик объектларида ичимлик сувининг сифатини баҳолаш мақсадида лаборатория текширувлари ҳамда бошқа текширувлар ўтказади;

  • юридик ва жисмоний шахслардан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалишининг олдини олишни ҳамда уларнинг тугатилишини таъминловчи чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек эпизоотик вазиятни аниқлаш учун зарур бўлган ахборот тақдим этилишини талаб қилади;

  • ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ҳайвонларнинг касаллиги аниқланган тақдирда, ҳайвонларни сўйишга ёки йўқ қилиб ташлашга, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни зарарсизлантиришга (юқумсизлантиришга), қайта ишлашга ёки утилизация қилишга тааллуқли, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган талабларни белгилайди;

  • давлат ва идоравий ветеринария хизматлари ветеринария мутахассисларининг фаолиятини назорат қилади ҳамда мувофиқлаштириб боради, шунингдек белгиланган тартибда хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

  • ветеринария соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантиришга кўмаклашади.