ПАРРАНДАЛАР ПАТ ҚОПЛАМИ КАСАЛЛИКЛАРИ
Физиологик туллаш – соғлом паррандаларда эски патларни пат фолликулаларида шаклланадиган янги патлар билан алмашинуви орқали ўтадиган табиий даврий патлар алмашинувидир.
Физиологик туллашда пат мунтазам равишда алмашиб туради, шунинг учун парранда терисида очиқ жойлар бўлмайди. Ёш паррандаларда патларнинг биринчи алмашинуви 1,5-2 ойлигида, фақат патларни ташлаганда бўлади. 12 ойлик бўлганда барча патлари алмашади. Катта ёшли паррандаларда туллаш ҳар йили июлнинг охиридан ёки августнинг бошидан то октябрь-ноябрь ойларигача бўлади. Пат қопламининг тўлиқ алмашинуви 3 ойча давом этади. Қафасда сақланадиган кўплаб парранда турларида физиологик туллаш йилига икки марта бўлади ва ҳеч қандай асоратларсиз ўтади. Туллаш даврида паррандаларни қўл билан ушламаслик ёки аниқ ёритилган хоналарда сақламаслик лозим. Уларни чўчитмаслик, елвизак ва шамоллашдан асраш керак. Паррандалар қафасдан чиқарилмасдан, уларнинг учиши чекланади. Канарейкаларнинг сайраши туллашдан сўнг аста-секин тикланади. Бу вақтда хонада сайрашида нуқсонлари бўлган нар паррандалар бўлмаслиги керак. Чунки канарейкалар туллашдан сўнг сайрашдаги камчиликларни осонгина ўзлаштириб олади.
Туллаш даврида моддалар алмашинуви жадаллашади, организмнинг аминокислоталар, витаминлар, микроэлементлар, асосан кальций ва олтингугуртга бўлган эҳтиёжи ортади. Парранда нотинч ёки аксинча, кам ҳаракат, иштаҳаси пасайган бўлади, уйқу ёмонлашади ёки йўқолади. Туллаш даврида рационда кальций ва фосфор етишмаса, узун суяклар синиши мумкин.
Шунинг учун туллаш даврида пат қопламининг бошқа касалликларидаги каби паррандаларга кўк ўтлар, патли ун, тухум пўчоғи, бўр бериш зарур. Рацион барча зарурий аминокислоталар, витаминлар ва минерал моддалардан топиши зарур. Нормал туллашни бузадиган стрессларнинг олдини олиш учун нерв тизимини тинчлантирадиган препаратлар (седуксин, триоксазин) бериш, шунингдек, паррандани тез-тез чўмилтириш мумкин.
Оддий зотли (бакинцалар, спорт каптарлари, гривунлар, пермяклар) каптарларнинг табиий туллаши одатда муаммосиз ўтади. Асосан пахмоқоёқли каптарларда оёғидаги бирор патини тортганда қон оқиши мумкин. Шикастланган жой сув билан ювилади ва йод ёки водород пероксиди билан ишлов берилади. Қаноти узун қушларда (николай каптарлар, турманлар) туллаш қийин кечади. Уларда ҳали мустаҳкамланмаган патлари қанотларини кескин силкитганида шикастланади. Шикастланиш кучли даражада бўлса, қанотлари қон билан бўялган бўлади. Шикастланган жойга водород пероксиди билан ишлов берилади. Туллаш бошланиши билан микроэлемент ва аминокислоталарга бой озуқалар бериш керак. Рационда тўйимли ва биологик фаол моддаларнинг етишмаслигида каптарлар озиб кетади, улар бўшашган ҳолда бўлади, озуқадан бош тортади. Ушбу аралашмани (фоизларда) бериш мақсадга мувофиқ: нўхат – 25, кунгабоқар – 10, арпа – 10, тариқ – 10, хашак нўхат – 10, буғдой – 25, маккажўхори – 10. Алоҳида идишчада майдаланган тухум пўчоғи, майда шағал, қум солиб қўйилади. Август ва сентябрь ойлари каптарларга бир оз тузланган, майдаланган қоқи ўт баргларини берган маъқул.
Патологик туллаш. Патологик туллаш йилнинг барча фаслларида учраши мумкин. У шамоллаш, сақлаш шароитининг бузилиши, бирданига озуқа ва унинг сифатини алмаштириш, қафасда кўп миқдор паразитлар борлиги натижасида келиб чиқади. Сўнгги ҳолатда патлар хурпайган бўлади, парранда кўп вақтини уни тозалаш билан ўтказади, кам сайрайди. Кечқурун панжалари билан таёқчага ураётганини эшитиш мумкин. Айрим тур паррандаларда бош соҳасидаги патларнинг туллаши озиқланишнинг бузилиш, қафас нур манбаига яқин бўлиб, ёруғлик ҳаддан зиёд кучли бўлиши натижасида келиб чиқади.
Стресс оқибатида юзага келадиган туллаш. Бу каби туллаш барча тур паррандаларда учрайди, лекин канарейка, ҳашаротхўр ва йиртқич қушларда кўпроқ кузатилади. У ҳимоя рефлекси бўлиб, тўсатдан қўрқитилганда содир бўлади. Кучли стресс вақтида парранда қоплама патларини йўқотади.
Даволаш. Паррандага тинчлик берилиши, қўл билан камроқ ушланиши керак. Озиқлантириш турли хил, тўлиқ қийматли бўлиши лозим. Рационга қўшимча равишда кальций препаратлари, витаминлар ва микроэлементлар қўшилади. Стрессларни профилактика қилиш мақсадида асаб тизимини тинчлантирувчи препаратлар (седкусин, триоксазин) бериш, шунингдек, паррандани тез-тез чўмилтириш мумкин.
Жигар ва буйрак касалликларида туллаш. Касаллик жигар ва буйрак функциялари бузилган барча тур паррандаларда учраб, асосан турли тўтиқушларда кўпроқ кузатилади.
Клиник белгилари. Туллаш табиий физиологик бўлмаган даврларда кечади, ичаклар функцияси бузилиши билан ўтади. Касалланган парранда ахлати сариқ ёки оқиш рангда бўлади.
Даволаш. Касалликнинг асосий сабаби аниқланади ва бартараф этилади. Паррандага жигар ва буйрак фаолиятини нормаллаштирадиган препаратлар берилади. Рацион витамин ва микроэлементлар билан бойитилади. Терида очилиб қолган жойлар бўлса, ёз вақтларида қуёш ваннаси қилинади, совуқ вақтларда эса махсус ультрабинафша нурлар билан нурлантирилади.