2 Апр 2021

Чорвачиликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги кенгаймоқда

Чорвачиликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Венгрия  ҳамкорлиги кенгаймоқда

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Венгриянинг “Hunland-Trade KFT” компанияси ижрочи директори Йоз Янсен ва Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчиси Януш Ваник билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда даставвал Венгрия мутахассислари Ўзбекистонга ташрифни ташкил этиш ва “Karmana Hasan Baraka” МЧЖ билан биргаликда наслли йирик ва майда шохли қорамолларни парваришлаш, кўпайтириш ва маҳаллий шароитга мослаштиришга ихтисослашган замонавий фермани ташкил этиш ишларида амалий ёрдам кўрсатганлиги учун қўмита масъулларига миннатдорчилик билдирди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳрида жорий йил 29 мартда Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида имзоланган “Hunland Eurasia” қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга мувофиқ, Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳудудида биринчи босқичда умумий қиймати 5 млн. доллар бўлган инновацион чорва фермасини ташкил этилишига доир ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур битимга кўра, инновацион чорва фермасини ташкил этиш 2021 йилнинг 2-ярмида бошланиши ҳамда 2022 йилнинг 1-чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Айтиш жоизки, “Hunland Eurasia” қўшма корхонаси мутахассислар учун семинар-тренинглар ташкил этиш, наслчилик-селекция ишлари, қорамолларни парваришлаш, кўпайтириш, озуқа рационларини тузиш ва қорамолларни эмлаш режаларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга оширади.

Учрашув давомида мазкур инновацион чорва фермасини самарали ишлаши учун чорвачилик бўйича мутахассислар малакасини ошириш муҳим эканлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Венгриядаги “Hunland-Trade KFT” ишлаб чиқариш базасида ўзбек чорвадорлари учун ихтисослаштирилган ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.

Алоҳида шуни таъкидлаш ўринлики, 2020 йилда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Венгрия чорвадорлари иттифоқи ҳамда Венгрия аграр палатаси ўртасида чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида имзоланган битим чорвачилик соҳасида ўзбек-венгер қўшма лойиҳаларининг амалга оширишда янги босқични бошлаб беради.  

Жорий йил давомида Венгриянинг “Vitafort” компанияси билан ҳамкорликда чорва учун аралаш ем ишлаб чиқариш, “Hevesgep” компанияси билан товуқ гўнгини қайта ишлаш ва Венгрия наслли чорвачилик иттифоқи билан ҳамкорликда наслчилик-селекция илмий марказни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жадаллаштирилади.

  

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати