НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИДА СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон Агросаноат” чорвачилик фермер хўжалигида чорва ҳайвонларини қишловга тайёрлаш, уларни идентификация қилиш, сунъий уруғлантириш ҳамда озуқа базасини мутаҳкамлаш мавзуларига доир ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда “Чорванасл” худудий маркази томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ҳўжалиги масалалари бўйича масъуллари, вилоятнинг барча чорвачилик, паррандачилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, ветеринария участка мутахассислари, мутахассис-осеминаторлар, шаҳар, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиқлари иштирок этишди.
Мазкур семинарни вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Эркинжон Ахмадалиев кириш сўзи билан очиб бераркан, ҳозирги пайтда Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида чорвачилик тармоқлари ривожланиб бораётганлигини мамнуният билан тилга олди. Вилоятда чорва ҳайвонларини сунъий уруғлантириш орқали наслдор қорамолларни кўпайтириш, идентификация қилиш ҳамда озуқа етиштириш ишларининг самарали ташкил этилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда вилоят “Чорванасл” худудий маркази, бошқарманинг Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бўлими, семинарнинг Республика ишчи гурухи вакилларининг мавзуга доир маърузалари тингланди.
Маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ветеринария, чорвачилик ва наслчилик-селекция ишларини самарали ташкил этиш, чорвачиликни халқаро тажриба ва андозалар асосида ривожлантириш учун янги имкониятлар, шарт-шароитлар яратилди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда вилоятда бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда вилоят “Чорванасл” марказида шартнома асосида 94 нафар осеминаторлар фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирга қадар “Чорванасл” маркази томонидан 125 минг бош чорва молларини сунъий уруғлантириш режалаштирилган бўлиб, шундан 50 минг 172 бош қорамол сунъий уруғлантирилди. Бу эса йиллик режага нисбатан 40,1%ни ташкил этади. Чорва моллари озуқасини таъминлаш мақсадида жорий йил 20 сентябрдан 20 октябрга қадар 400 минг гектар майдонга оралиқ экинларини экиш режалаштирилган бўлса, шундан 1373 минг гектар қисмига озуқа экинлари экилди.
Наманган вилоятидаги мавжуд экин майдонларининг 2711 га беда, 260 га хашаки лавлаги, 1620 га оқ жухори ва 12558 га макка силос экинлари экиш режалаштирилмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати