5 Апр 2021

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан огоҳ бўлинг!

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан огоҳ бўлинг!

Навоий шаҳри ҳудудидаги 3-сонли шаҳар тиббиёт бирлашмасида “Қрим-Конго геморрагик иситма ва бошқа касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар” мавзусига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Давлат ветеринария хизмати шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, санитария-эпидемиология осойишталик маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида Қрим-Конго геморрагик иситма ва бошқа касалликларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши кураш бўйича ҳудудда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, хавфли юқумли касалликларга қарши кураш юзасидан ўтказилаётган профилактик тадбирлар хусусида фикр юритилди.

Шунингдек, тадбирда соҳа мутахассисларининг мавзуга оид маърузалари тингланди ҳамда аҳоли ва тегишли ташкилот ходимлари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Маълумот ўринда таъкидлаш жоизки, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги – одамларга асосан йирик ва майда шохли ҳайвонлардаги каналарни териш, уларнинг жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида ҳайвон канаси чақиш орқали юқади. Масалан, иксод каналарининг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчиси бўлган вируслар мавжуд бўлиб, кана одамни чаққанда қонга тарқалади.

Ҳайвон боқиладиган молхона, қўра ва қўтонларнинг тупроқлари, лой қилинган деворлар кана кўпайиши учун яхши шароит ҳисобланади. Шу боис, касалликка қарши курашишнинг самарали усули каналар чақишининг олдини олиш, уларни йўқ қилишдан иборатдир. Каналарни йўқ қилиш учун уй ҳайвонларининг териси йилнинг март ойидан сентябр ойига қадар ҳафтада бир марта хлорли бирикмалар бўлган махсус дезинсексион моддалар билан ишловдан ўтказилиши лозим.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг олдини олиш учун каналарнинг чақишига йўл қўймаслик, уларни қўл билан эзиб ўлдирмаслик, касалликнинг клиник белгилари кузатилган беморга ёрдам бериш пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, ниқоб тақиб юриш, махсус қўлқоплардан фойдаланиш, тананинг очиқ жойларига ва қўзга қон томчиларининг тушишининг олдини олиш тавсия этилади.  

Айниқса, қишлоқ жойлардаги якка хўжаликларда қорамолларни сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш, шунингдек каналарнинг кўпайишига йўл қўймасликка алоҳида эътиборни қаратиш зарур.





Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати