7 Фев 2020

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ТОМОНИДАН КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ТОМОНИДАН КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Хитойда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жиддий тус олмоқда. Вирус мамлакат сарҳадларидан чиқиб, бошқа давлатларда ҳам кузатиляпти. Шу боис, мазкур иллат дунё жамоатчилигини хавотирга солмоқда.
Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра коронавирус (2019-nCoV) билан зарарланган беморлар Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам, Сингапур, АҚШ ва Франция давлатларида рўйхатга олиниб жорий йилнинг 6 февраль ҳолатига уларнинг сони 28 минг кишидан ошиб кетган.
Коронавирус касаллиги белгилари грипп ва бошқа ўткир респираторли инфекцияларга ўхшаб, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик ва йўтал билан бошланади. Беморнинг ўпка, ошқозон аъзолари ва асаб тизими шикастланади.
Касаллик бемордан соғлом одамга ҳаво-томчи йўли билан, маиший мулоқот йўли билан юқиши мумкин.
Халқаро эпизоотик бюро (ХЭБ) Бош директорининг делегатларга юборган мурожаатида Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан касаллик тарқалганлиги эълон қилинган давлатларга вақтинча боришни чеклаш тавсия этилган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мазкур вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган кескин чоралар белгиланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни 2- ва 24-моддаларига асосан ҳамда мамлакатимиз ҳудудига четдан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан муҳофаза қилиш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан барча турдаги давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни (ветеринария дори воситалари ва диагностикумлар бундан мустасно) импорт қилишга нисбатан 2020 йил 23 январдан вақтинча чеклов ўрнатилди.
Шунингдек, барча ветеринария давлат органлари ва муассасаларида, жумладан чегара ветеринария назорат пунктларида зарурий дезинфекцияловчи воситалар заҳираси яратилди.
Келиб чиқиши Хитой Халқ Республикасига тегишли бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар устидан назорат олиб боришда ходимларнинг шахсий гигиена ва ҳимоя кийимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.
Коронавирусдан сақланиш бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қуйидагиларни тавсия қилади:
биринчидан, коронавирус инфекциясини этиологияси, эпидемиологияси, клиникаси, ташхиси ва профилактикаси бўйича ходимлар (шу жумладан талабалар) иштирокида ўқув семинарларини ташкил этиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш;
иккинчидан, Республикадаги барча деҳқон бозорлари, мол бозорлари шунингдек, чорвачилик маҳсулотлари сотиладиган бозорларга ташриф буюрганда умумий гигиена қоидалари жумладан ветеринария-санитария қоидаларига амал қилиш;
учинчидан, касаллик қайд этилган мамлакатлар ва ҳудудлардан Ўзбекистонга келаётган фуқаролар билан хизмат юзасидан мулоқотда бўлаётган ходимларга ўзларини ҳимоялаш (йўловчилар билан мулоқотда ниқобда ишлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш) чораларини кўриш;
тўртинчидан, ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотларига қўл теккизилганда қўлларни хўжалик совуни билан яхшилаб ювиш, кўзлар, бурун ва оғизга қўллар билан тегмаслик ва касал ҳайвонлар билан ҳимоя воситаларисиз алоқа қилмаслик;
бешинчидан, ҳайвонларнинг ифлосланган чиқиндилари ёки тупроқдаги суюқликлар билан ҳимоя воситаларсиз алоқа қилишдан сақланиш;
олтинчидан, йўталиш ва аксириш пайтида оғиз ва бурунни ёпиш;
еттинчидан, ходимларга (шу жумладан талабаларга) хизмат жойлари ва хонадонларида шахсий гигиена қоидаларига доимий амал қилишни тавсия этиш.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати