8 Окт 2019

ЛАТВИЯ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИ САМАРҚАНДГА ТАШРИФ БУЮРДИ

ЛАТВИЯ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИ САМАРҚАНДГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Латвия табиий фанлар ва технология Давлат Университети маъмурияти Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.

Институт ректори, профессор Худойназар Юнусов бошчилигида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва келажак режалари муҳокама қилинди. Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ва замонавий илмий-методик дастурларни амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Университет ректори Ирина Пилвере хонимнинг такидлашича, таълим муассасаси Ветеринария медицинаси, қишлоқ хўжалиги, ўрмон саноати, иқтисодиёт, ландшафт архитектураси, бизнесни бошқариш ва педагогика йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлайди. Олийгоҳда 4000 нафардан зиёд талаба таълим оладиган бўлса, уларнинг қарийиб 50 фоизини ҳорижликлар ташкил этади. Салкам 300 йиллик тарихга эга қадимий саройда жойлашган университетда ўқиш жараёнлари инглиз тилида олиб борилади.


2018 йилда Латвия Табиий фанлар ва Технология Давлат Университети ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ҳамкорлик доирасида университетда малака ошириб қайтган Самарқанд ветеринария медицинаси институти доценти Шоҳиста Эшниёзованинг университет таълим тизими ва методикаси борасидаги маърузаси тингланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу университет Латвиянинг кичик тарихий шаҳарчаси ҳисобланган Ялгава шаҳрида жойлашган. У дастлаб қишлоқ хўжалиги мутахассислари тайёрлайдиган олий ўқув юрти сифатида танилган эди. Эндиликда эса унинг номи, мақоми ва йўналишлари кенгайиб, Европа минтақасидаги йирик олий таълим даргоҳларидан бирига айланиб бормоқда.




Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати