8 Дек 2019

“Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан байрам табриги

“Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”  муносабати билан байрам табриги

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 декабрь куни республикамиз миқёсида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”ни кенг кўламда нишонлаш таклифини илгари сурган эди.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ўша кун мамлакатимиз тарихида муҳим саналардан бири сифатида ўрин олди.
Ўша кундан буён мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ижросини таъминлашда барчангизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сон Фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон Қарори билан қўмитанинг барча ташкилий тузилмалари тасдиқланиб, фан билан амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қатор институтлар қўмита таркибига ўтказилди ва чорвачилик ҳамда наслчилик ишларини янада ривожлантириш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги ташкил этилди.
Соҳага илмий ёндашув ташкил этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш учун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда унинг Тошкент ва Нукус филиаллари, шунингдек Нукус ветеринария техникуми ташкил этилди.
Ушбу тарихий ҳужжатлар билан республикамизда ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритиш механизми яратилди.
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ветеринария ва чорвачилик соҳаларига катта эътибор қаратаётганлигидан далолатдир.

Қадрли қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, зотдор чорва моллари бош сонини кўпайтиришда Сиздек соҳа фидойиларининг машаққатли меҳнатларини таҳсинга муносиб деб биламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жумладан юртимизда фаолият олиб бораётган барча ветеринар ва чорвадорларни "Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни" байрами билан самимий қутлайман.
Сизларга соғлик-саломатлик, бахту-саодат, хонадонингизга файзу барака ва ишингизда муваффақиятлар тилайман.

Баҳромжон НОРҚОБИЛОВ,

Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси.