18 Сен 2019

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ РАИСИГА АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИ ТАЙИНЛАНДИ

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ РАИСИГА АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИ ТАЙИНЛАНДИ

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Б.Норқобиловнинг 2019 йил 3 июлдаги 46-сонли ҳамда 29 июлдаги 63-сонли буйруқларига мувофиқ Суюнов Анвар Иброҳим ўғли Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби этиб тайинланди. 

Шунингдек, қўмита раисининг 2019 йил 3 июль ҳамда 29 июлда қабул қилинган қарори билан қўмита бошқарув аппарати тузилмасига белгиланган умумий штат бирлиги ва меҳнат ҳақи фонди доирасидан чиқмаган ҳолда ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, қўмита ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби ҳамда ахборот хизмати оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар, веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис лавозимлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби ахборот сиёсати масалалари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси мақомига эга бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, қўмита раисининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати