14 Фев 2019

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар дастури доирасида Андижон вилоятида Республика ўқув-семинари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар дастури доирасида Андижон вилоятида Республика ўқув-семинари ташкил этилди

Жорий йилнинг 13 февраль куни Андижон вилоятида “Ветеринария соҳасида амалга оширилиши белгиланган устувор вазифалар” мавзусига бағишланган Республика ўқув семинари бўлиб ўтди.

Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов бошчилигида ўтказилган мазкур семинарда Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Р.Исматуллаев, Балиқчи тумани ҳокими Ж.Абдураимов, қўмита маъул ходимлари, вилоятлар ветеринария бошқармалари бошлиқлари, соха мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Республика ўқув семинарини Давлат ветеринария қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов кириш сўзи билан очиб берди.

Маълумки, кейинги йилларда чорвачиликни янада ривожлантириш, қорамол ва паррандалар бош сонини барқарор ошириш, шу билан бир қаторда мамлакатимизда эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни, Мухтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатида келтириб ўтилган муҳим масалалар, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да тизимда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар ҳамда соҳага доир қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини мунтазам равишда таъминлаш, ҳайвонлар касалликларига қарши кескин курашиш, жаҳон тажрибасини ўзлаштириш орқали янгича ёндашув асосида соҳага инновацион тизимни жорий этиш ветеринария мутахассисларининг пировард мақсади, десак асло муболаға бўлмайди.

Давлат ветеринария қўмитаси раиси семинарда ана шу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, вилоятлардан ташриф буюрган мутахассислар ва қўмита маъсул ходимларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар бўйича қатъий топшириқлар берилди.


Тадбирда вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи Д.Қаюмов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда эпизоотик барқарорликни таъминлаш бўйича Андижон вилоятида олиб борилаётган изчил ўзгаришлар, жумладан, туман ва шаҳар ветеринария бўлимлари фаолияти тўғрисида маъруза қилди.

- “Ҳозирги кунда вилоятимизда 14 та туман ва 2 та шаҳар ветеринария бўлимлари, 10 та туман ташхис марказлари фаолият юритади, шунингдек, 66 та ветеринария участкалари мавжуд бўлиб, унда 174 нафар ветеринария мутахассислари фаолият олиб бормоқда, улар томонидан чорвачилик фермер хўжаликлари ва аҳоли қарамоғидаги барча тоифа ҳайвонларга сифатли ветеринария хизмати кўрсатилиб, худудда эпизоотик соғлом муҳит таъминланмоқда. Давлат ветеринария хизмати томонидан етказиб берилаётган вакциналар ёрдамида вилоятимиз туманларидаги барча турдаги ҳайвонлар босқичма-босқич эмлаб борилмоқда. Айниқса, бруцеллёз касаллигининг олдини олиш бўйича ҳар чоракда фермер хўжаликлари ҳайвонларидан қон намуналари олиниб, ташхис марказларида текширувдан ўтказилмоқда.

Ҳайвонларда учрайдиган мавсумий касалликларга қарши мунтазам равишда эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда,” – деди Дилмурод Қаюмов.

Республика семинарининг навбатдаги босқичи вилоятнинг Балиқчи туманида жойлашган “Хон” чорвачилик фермер хўжалигида давом этди. Семинар қатнашчилари у ерда замонавий типда барпо этилган фермер хўжалиги биноси ва чорва молларини парваришлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Давлат ветеринария қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов хўжалик раҳбари Фазлиддин Тожибоевга чорва молларини парвариш қилиш, етиштириш жараёнлари бўйича маслаҳат ва кўрсатмалар берди.

Тадбирда шунингдек, ҳайвонларни идентификация қилиш Республика маркази бош мутахассиси Наргиза Омонбоева сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли қарори ижроси юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишлар, идентификациянинг афзалликлари, қулай жиҳатлари хусусида сўз юритди.


- “Биз ҳайвонларни идентификация қилиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ва натижада аҳоли ўртасида ҳайвонотга мансуб бўлган турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга эришамиз, бу эса жамиятимизда соғлом муҳит шаклланишига хизмат қилади, идентификация чорвачилик маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишида бирмунча қулайлик яратади”, - дея таъкидлади Н.Омонбоева.

Мутахассислар тадбир иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб бердилар. Сўнгра мазкур хўжалик қорамолларини идентификация қилиш ва уларга биркалар тақиш ишлари олиб борилди.

Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати