16 Ноя 2018

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДОЛЗАРБ МУАММО

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДОЛЗАРБ МУАММО

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат марказида Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров бошчилигида “Коррупцияга қарши курашиш” мавзусига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Унда Давлат ветеринария қўмитасининг худудий бошқармалари юристлари, кадрлар бўлими мутахассислари иштирок этишди.

Семинар-тренингни қўмита раиси ўринбосари А.Акбаров кириш сўзи билан очиб бераркан, - “Коррупция жамиятнинг энг долзарб муаммоси, жамият тараққиётига ғов бўлаётган омил, унга қарши барчамиз бирдек курашишимиз керак” - дея баҳолади, – бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ишлар янги босқичга кўтарилганлигини, бу борада барча соҳалар қатори ветеринария соҳасида ҳам тизимли назорат ўрнатилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қўмита бош юристконсульти Акмал Тошқулов ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларга коррупция ҳар қандай ривожланишнинг кушандаси, барча даврларнинг энг оғриқли нуқтаси эканлиги тўғрисида маъруза қилди.



Маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг ПҚ-2752-сонли қарори билан “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури” қабул қилиниб, унга мувофиқ Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар, ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилишини ташкил этиш, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини оширишни таъминлаш долзарб вазифа ҳисобланади.


Шунингдек, мазкур семинарнинг давоми соҳада кадрлар тақсимоти масаласига бағишланди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш, жой-жойига қўйиш ва улар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низоми, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5067-сон фармони, 2017 йил 1 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3026-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 624-сон қарори қабул қилинган.

Давлат ветеринария қўмитаси кадрлар бўлими бош мутахассиси Йигитали Сатторов сўзга чиқиб, мазкур низом асосида, қўмита марказий аппарат таркибий бошқарма раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман, шаҳар ветеринария бўлимларининг бошлиқлари, шунингдек Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи ва ўринбосари, Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалари сифати ва муомаласини назорат қилиш давлат илмий маркази, Республика ҳайвонлар касалликлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ташхис маркази ҳамда Ветеринария илмий-тадқиқот институтини раҳбар ходимлар таркибига мансуб бўлган бошқарув ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартиб-меъёрлари кўрсатиб ўтилганлигини эътироф этди.


Юқоридагиларга кўра, тизимда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан, виждонан ва садоқат билан бажариши, тизим обрўсини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиши, фаолияти давомида таъмагирлик, порахўрлик каби ёмон иллатларга йўл қўймаслиги, мурожаат қилган ҳар қандай шахс билан хушмуомала ва адолатли бўлиши талаб этилади.

Ўз ўрнида раҳбарият томонидан ходимларнинг ижтимоий аҳволини доимий ўрганиб борилиши, уларни моддий рағбатлантиришга эътибор қаратиши ҳам ходимлар ўртасида таъмагирлик, порахўрлик каби иллатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати