19 Фев 2021

Андижон вилоятида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди

Андижон вилоятида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди

Андижон вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзусига бағишланган семинар ташкил этилди.

Унда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси масъуллари, вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат маркази, туманлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари ходимлари, ветеринария участка мудирлари ҳамда ветеринария лабораторияси мутахассислари иштирок этишди.

Семинар давомида мамлакатимизда соҳа бўйича тадбикорлик фаолиятини ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шароит яратилаётганлиги, Республикамизда инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Одилбек Қобилов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг тадбикорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳага доир қатор фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти хусусида нутқ сўзлади.  

Семинар давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат ўрнатиш, назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга ошириш, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши лозимлиги бўйича мутахассислар томонидан тушунчалар берилди.

Семинар якунида йиғилиш қатнашчилари мавзуга оид барча саволларга жавоб олишди.




Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати