21 Май 2020

Қуритилган малина ва қовун қўшилган асал экспорт қилинади

Қуритилган малина ва қовун қўшилган асал экспорт қилинади

Халқимизда “Асал минг дардга даво” деган ибора бежиз айтилмаган. Ҳақиқатдан ҳам асал кўплаб хасталикларга шифо бўладиган бебаҳо неъмат, шу билан бирга, яхшигина даромад манбаи ҳамдир. Буни Асака туманидаги “Асака” асаларичилик кластери фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Асака” асаларичилик кластери ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бироқ ўтган қисқа муддат ичида бу ерда асаларичиликни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Корхона томонидан жорий йилнинг ўзида 33 тонна асал етиштириш кўзда тутилган.

Тумандаги Саидобод маҳалласида бир неча йиллардан буён асаларичилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Асал” фермер хўжалиги туман ҳокимининг ташаббуси билан «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойилига асосан «Асака» асаларичилик кластерига айлантирилди. Натижада унинг фаолияти янада кенгайди.

– Корхонамиз нафақат туманимиздаги, балки қўшни туманлардаги асаларичилик билан шуғулланувчи аҳоли ва фермер хўжаликларига соҳага доир қатор хизматларни кўрсатиб келади, – дейди “Асака” асаларичилик кластери раҳбари Элмурод Чекалов. – Фаолиятимизга илғор иш усулларини қўллашга, асалари боқувчилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу албатта, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.


Агар асаларичилик билан шуғулланиш истагидаги фуқаро кредит олиб, бу иш билан шуғулланса, кредит маблағларини тўлашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Чунки асаларидан бир йилда икки марта ҳосил олинади. Уни сотиш ҳам маълум вақтни талаб этади. Банклар асаларичилик йўналишига кредит ажратишда ана шу жиҳатни ҳисобга олмасдан кредит тўловини ойма-ой тўлаб боришни талаб этади. Бу ўз ўзидан қатор муаммоларни юзага келтиради. Кластер корхона ана шуни ҳисобга олиб, қолаверса, аҳолига янада қулай бўлиши учун тумандаги 60 дан ортиқ хонадонга 1 минг 200 дан зиёд асалари оиласи, асалари парвариши учун зарур жиҳоз ва маҳсулотларни ўз ҳисобидан тарқатиб берди. Уларга мутахассислар томонидан асаларини озиқлантириш, умуман, парваришлаш агротехникаси бўйича зарур тавсия, маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Аҳолига ҳеч қандай кредит ва тўловларсиз тарқатиб берилган асалари оилаларидан олинган асални корхонанинг ўзи тўла сотиб олади. Ишни бу тартибда йўлга қўйилиши аҳолига кредит олмай ёки ортиқча маблағ сарфламай асаларичилик билан шуғулланиш, даромад топиш имконини яратмоқда.

– Асаларичилик кластеридан 40 та асалари оиласини олиб боқяпмиз, – дейди Асака тумани Файзобод маҳалласида яшовчи Ғафуржон Каҳҳоров. – Бундан ташқари, бизга зарур жиҳозлар ҳам берилган, парвариш жараёнида билмаганларимизни мутахассислар келиб ўргатишяпти, зарур маслаҳатлар беришяпти. Бу ишимизни осон бўлишига, асаларичилик билан шуғулланиб, даромад олишимизга катта ёрдам беради.

Шунингдек, корхона биносида махсус ўкув зали ташкил этилган бўлиб, ҳоҳловчилар бу ерда асаларичилик бўйича ўқиб, билим ва тажрибаларини янада бойитишлари мумкин.

Асални қадоқлаш соҳа ходимлари олдидаги асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, корхона томонидан хориждан замонавий қадоқлаш дастгоҳлари олиб келиниб, ишга туширилди. Эндиликда маҳсулотни турли хажмларда қадоқлаш имкони яратилди. Бундан ташқари, янги технология асосида қуритилган малина ва қовун қўшилган асаллар ҳам қадоқланиши йўлга қўйилади. Ушбу маҳсулотларга туркиялик тадбиркорлар катта қизиқиш билдирмоқда. Келгусида қуритилган мевалар қўшилган шифобахш неъмат Европа давлатига экспорт қилинади.

Манба: uza.uz