“Озодлик” радиосининг facebook саҳифасида эълон қилинган хабарга муносабат
Шу йилнинг 21-ноябрь куни “Озодлик” радиосининг facebook саҳифасида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида кўплаб дайди ҳайвонларнинг йўқ қилинаётганлиги тўғрисида хабар тарқатилган эди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси аҳоли пунктларида ит ва мушукларни сақлаш масалаларини тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такамиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли қарорида белгилаб берилган вазифалар тақсимоти бўйича иш юритиши белгиланган.
Мазкур қарор билан барча тегишли ташкилотлар ва ҳайвон эгаларининг вазифалар қуйидагича белгилаб берилган.
Жумладан: Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларига кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутишни ташкил этиш, шунингдек уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этиш, одамлар ва ҳайвонларга жароҳат етказган ёхуд ножўя ҳаракат қилинмаганда уларга ҳужум қилган ҳайвонларни кейинчалик уларни карантинда сақлаш учун ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига олиб келиш;
Давлат ветеринария хизматига эса фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида итларни қутуришга қарши эмлашнинг ҳар йили белгиланган муддатларда ўтказиб бориш, қутуриш аниқланган тақдирда карантин зонасидаги ва таҳдид зонасидаги қутуришга мойил барча ҳайвонларни қутуриш касаллигига қарши профилактик эмлаш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган қутуриш профилактикаси бўйича бошқа ветеринария тадбирлари ўтказиб бориш вазифалари юклатилган.
Қаровсиз ит ва мушукларнинг кўпайиши ҳайвон ва одамлар орасида қутуриш ва бошқа турдаги касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Қутуриш касаллиги - ўткир кечадиган, ҳайвондан одамга ўтадиган ўта хавфли, давоси ишлаб чиқилмаган юқумли касаллик бўлиб, оқибати ўлим билан тугайди.
Халқаро Соғлиқни сақлаш ва Ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилотларининг маълумотларига кўра дунё бўйича ҳар йили қутуриш касаллигидан 60 мингдан ортиқ одам вафот этади ва 1 миллионга яқин ҳайвонлар қутуриш касаллигига чалинади.
Касалликнинг 95 % дайди қаровсиз итлар томонидан етказилган жароҳат туфайли келиб чиқади ҳамда шунинг 80 % қишлоқ жойлардаги аҳолига тўғри келади.
Республика ҳудудида дайди ва қаровсиз ҳайвонларнинг кўпайишини олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги қошида мазкур масалага тегишли вазирлик, қўмита ва ташкилотларнинг мутахассисларидан иборат республика ишчи гуруҳи тузилган.
Мазкур ишчи гуруҳ томонидан дайди ва қаровсиз ҳайвонларнинг кўпайишини олдини олиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда, дайди ва қаровсиз ҳайвонлар учун махсус бошпаналар (приют) ҳамда ҳайвонлар ҳимояси бўйича кўнгиллилар жамоасини ташкил этиш, ҳайвон эгаларига уларни сақлаш қоидалари бўйича кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш тизимини кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати