27 Апр 2019

Халқаро ветеринария куни

Халқаро ветеринария куни

Ҳурматли ҳамкасблар! 
Соҳа фидойилари!

Барчангизни “Халқаро ветеринария куни” байрами билан самимий табриклайман.
Маълумки, Жамиятда ветеринария касбининг муҳимлиги ва инсониятнинг тараққиётидаги аҳамиятини сингдириш, ветеринария ташкилотлари ва ветеринария врачларининг нуфузини кўтариш мақсадида 2000 йилда Ҳалқаро ветеринария ассоциацияси ва Халқаро ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро)нинг ташаббуси билан ҳар йил апрел ойининг охирги шанба кунини “Ҳалқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинган ва ҳар йили ушбу кун кўпгина давлатларда байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ветеринария соҳаси ҳайвонлар соғлиғини сақлаш билан бирга аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишда муҳим ахамиятга эга.

Бутунжаҳон ветеринарлари томонидан ҳайвонларни соғлиғини сақлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг пировардида инсонлар саломатлиги диққат эътиборда бўлмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг аҳолига етказиб берилишида хўжаликдан дастурхонгача бўлган даврда ветеринарлар асосий ўринни эгаллайди. Ва бу жараённи Сизларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Барчангизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сон Фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон Қарори билан қўмитанинг барча ташкилий тузилмалари тасдиқланиб, фан билан амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қатор институтлар қўмита таркибига ўтказилди ва чорвачилик ҳамда наслчилик ишларини янада ривожлантириш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги ташкил этилди.

Қўмита ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органи сифатида белгиланди.

Бу албатта ветеринарларга янада улкан вазифалар ва масъулият юклайди!

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг бошқа соҳалар қатори ветеринария ва чорвачилик соҳасига катта эътибор бераётганлигидан далолатдир.

Биз доимо бу ғамхўрликни ёдда сақлаган ҳолда янада фаол, фидойи бўлишимиз, мамлакатимизда ветеринар осойишталикни таъминлаш, чорвачиликни барча тармоқларини янада ривожлантириш, ҳайвонларнинг наслини яхшилаш ва бу орқали ҳалқимиз истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур. 


Азиз ҳамкасблар!

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда фаолият олиб бораётган барча ветеринарларни халқаро касб байрами билан муборакбод этаман. Эзгу ишларингизда доимо омад ёр бўлишига ҳайриҳоҳман.


 

Баҳром Норқобилов, 

Ўзбекистон Республикаси
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш Давлат қўмитаси
РАИСИ