28 Авг 2019

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК: МАЙДА ШОХЛИ ҲАЙВОНЛАР ЎЛАТИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ТОШКЕНТ СЕМИНАРИ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК: МАЙДА ШОХЛИ ҲАЙВОНЛАР ЎЛАТИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ТОШКЕНТ СЕМИНАРИ

Пойтахтимизнинг “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Халқаро Эпизоотик Бюро ҳамкорлигида “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун майда шохли ҳайвонларнинг ўлат касаллигига оид худудий йўл харитаси доирасидаги          3-йиғилиши” бўлиб ўтди.

10 дан ортиқ давлатлардан ташриф буюрган 60 га яқин халқаро экспертлар иштирок этган тадбирни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов кириш сўзи билан очиб берди. 

Қўмита раиси халқаро экпертларни ташриф билан қутларкан, бугунги кунда майда шохли ҳайвонларда учрайдиган ўлат касаллиги тобора глобал муаммоларни келтириб чиқараётгани, хусусан, бу кўпгина минтақаларда авж олиб бораётганини алоҳида эътироф этди.

- Айниқса, ҳозирги глобал замонда инсоният саломатлиги учун ҳам хавфли бўлган бу касалликка қарши қатъий курашиш, унинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўриш лозим, айни дамда касаллик жамият ва иқтисодиёт ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, - дея таъкидлади, Баҳромжон Норқобилов.

Тадбирда шунингдек, бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. Жумладан, ташкилотга аъзо давлатларнинг майда шохли ҳайвонлар ўлат касаллигига қарши кураш бўйича “Йўл харитаси” доирасида олдинги учрашувлар тавсияларининг бажарилиши, касалликка қарши курашишда минтақалардаги вазиятни баҳолаш ҳамда бу жараёнда белгиланган чора-тадбирлар (Миллий стратегик режалар)нинг бажарилиши, шунингдек, кейинги режалар кун тартибида кўриб чиқилди.



3 кун давом этган семинарда халқаро экспертларнинг касалликка қарши курашиш чоралари мавзусига доир тақдимотлари ҳам намойиш этилди.

Майда шохли ҳайвонлар ўлати – бу асосан қўй ва эчкиларда учрайдиган юқумли касаллик. Баъзи холларда ёввойи кавш қайтарувчи ҳайвонлар ҳам бу касаллик билан касалланади.

Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллиги сабаб ҳар йили глобал йўқотишлар натижасида дунё миқёсида 2,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида зарар етказади.

Майда шохли ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлари халқаро миқёсда, хусусан Яқин Шарқ ва Африка қитъасида кенг тарқалганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу касаллик экспорт даромадига, миллий ва минтақавий даражадаги ривожланишга анчайин салбий таъсир ўтказади ва ўнлаб йиллар давом этган тараққиётнинг ўзгаришига сабаб бўлади. Унинг пайдо бўлиши касалликнинг тез тарқалиши ва ҳайвонларнинг юқори даражадаги ўлимига олиб келадиган фавқулодда вазиятларни юзага келтириши мумкин.

Сўнгги 15 йил ичида ушбу касаллик дунёда хавотирли суръатда тарқалиб, ўта глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. 2016 йилда дастлаб Грузия ва Мўғулистонда қайд этилган ва у ерда инфекция, хаттоки ёввойи ҳайвонларга ҳам юқиш холатлари кузатилган. 2018 йилда эса унинг кўринишлари Бурунди ва Болгарияда қайд этилди. Бу эса касаллик тобора кенг тарқала бошлагани ва унга қарши кескин кураш олиб бориш лозимлигини англатади.

Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллигига қарши қатъий кураш ва уни йўқ қилиш чорвачилик инқирозининг олдини олиш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини барқарор таъминлашни кафолатлайди.



Касалликка ташхис қўйиш ва аниқлаш оддий усулда амалга оширилади. Ишончли ва сифатли вакцина ёрдамида бир марталик эмлаш ҳайвонни ҳаёти давомида кўпгина касалликлардан ҳимоялайди. Бундай ветеринария хизматларини касалликка қарши курашиш ва уни йўқ қилиш имкониятларини кучайтириш ҳайвонларнинг бошқа касалликларга қарши курашда ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

2016 йил март ойида БМТнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича Ташкилоти ва Халқаро Эпизоотик Бюро томонидан касалликни йўқ қилишни мувофиқлаштириш бўйича қўшма котибият ташкил этилди. 2018 йил сентябр ойида “Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллигидан дунёни қутқариш учун шериклик ва инвестициялар” умумжаҳон конференцияси ташкил этилиб, унда халқаро декларация қабул қилинди ва 2030 йилга келиб ушбу касаллик буткул йўқ қилинишига эришиш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Тошкентда ташкил этилган ушбу муҳим тадбир якунида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгиланди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 








Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати