24 Июн 2019

БОТСВАНА ЧОРВАДОРЛАРИ ЎЗБЕК ҚОРАКЎЛИГА КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

БОТСВАНА ЧОРВАДОРЛАРИ ЎЗБЕК ҚОРАКЎЛИГА КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Ботсвана давлати ҳукумати раҳбарияти ва чорвадорларидан иборат йирик делегацияни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда қўмита раиси Баҳром Норқобилов, “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори ўринбосари Зиёдулла Пирназаров, қоракўлчилик бўйича мутахассислар, шунингдек, Ботсвана озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазирлиги котиби муовини Жон Кассиус Мореки, чорвани парваришлаш департаманти раҳбари Патрик Галек Зейж, “Лобо экинзорлари” фермер хўжалиги раҳбари Балаги Жефери, қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчи Мокже Сепо ҳамда кластер бўйича ижроси директор Соболе Саонелар иштирок этишди.



Учрашувда ботсваналик мутахассисларнинг маърузалари ва агробизнес бўйича таклифлари кўриб чиқилди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, меҳмонлар ўзбек қоракўлчилиги бўйича кўп томонлама ҳамкорлик хусусида фикр алмашдилар, мўйна ва ноёб хусусиятга эга қоракўл териларининг Ботсвана бозорида харидоргир эканлиги, бу борада ўзбек қоракўлчилиги тажрибасини ўз мамлакатларига татбиқ этиш истаги борлигини билдиришди.

– Ўзбекистон қоракўл терилари дунё бозорида жуда харидоргир ва қиммат мўйна ҳисобланади. Шунинг учун ёш кадрларимизни айнан шу мамлакатда қоракўлчилик бўйича билим олишларини хоҳлаймиз. – дейди Ботсвана Республикасининг чорвани парваришлаш департаменти раҳбари Патрик Галек Зейж. – Шу боис, қоракўлчилик сирларини ўрганиш учун бир гуруҳ талабаларни юбормоқчимиз. Бу кейинчалик Ботсванада ҳам чорвачиликнинг қоракўлчилик йўналиши ривожланишида муҳим омил бўлади.


Ботсвана қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчиси Мокже Сепонинг эътироф этишича, мамлакатда экин майдонларининг 75% чорвачилик учун ажратилган. У ерда асосан чорвачиликнинг қорамолчилик, паррандачилик ва эчкичилик йўналишлари яхши ривож топган. Гўшт маҳсулотлари эса Европа давлатларига экпорт қилинади. Эндиликда қоракўлчилик йўналашини ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Учрашувда чорвачиликнинг бошқа тармоқлари, хусусан сутчилик, паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида ҳам ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати