7 Фев 2019

Гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг улгуржи савдоси фақатгина ихтисослашган сўйиш корхоналарида амалга оширилиши мумкин.

Гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг улгуржи савдоси фақатгина ихтисослашган сўйиш корхоналарида амалга оширилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди

Ҳужжат билан “Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари”, “Ихтисослашган суйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларини янада кўркам ва обод қилиш, жозибадорлиги ва туристик салоҳиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида шаҳарлар ҳудудида фаолият кўрсатаётган ҳайвонларни сўйиш корхоналарини бошқа фаолият турига мослаштириш ёки шаҳарлар ҳудудидан чиқариш (шаҳарнинг чекка ҳудудларида ва кичик саноат ҳудудларида санитария-ҳимоя зоналари сақланган ҳолда ташкил этилган механизациялашган ихтисослашган сўйиш корхоналари бундан мустасно) таклифига розилик берилади.

Республика ҳудудларида ҳайвонларни сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича 2019-2021 йилларда ташкил этиладиган механизациялашган ихтисослашган сўйиш корхоналари рўйхати тасдиқланади. Бунда, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ихтисослашган сўйиш корхоналари томонидан ҳайвонлар ва гўштни ташиш бўйича транспорт ва бошқа сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Давлат ветеринария қўмитаси:

жойларда мавжуд ҳайвон сўйишга мўлжалланган корхоналарни (қушхоналарни) инвентаризациядан ўтказиб, ушбу қарор талабларига мувофиқлигини ўрганиш ҳамда ихтисослашган ё мини сўйиш корхоналарига айлантириш ёки белгиланган тартибда фаолиятини тўхтатиш, ўзгартириш чоралари кўрилади;

ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишда зарур бўлган дастгоҳ, асбоб, ускуналарнинг техник талаблари, ажратилган ер майдонлари кўрсаткичлари ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиб, ҳар бир ихтисослашган сўйиш корхоналари учун алоҳида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва қурилиш жараёнидаги сифати устидан архитектура-қурилиш назоратини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади;

ихтисослашган сўйиш корхоналарининг мавжуд лойиҳалари асосида Республика ҳудудларида жойлаштириладиган ихтисослашган сўйиш корхоналарининг бино ва иншоотларини қуриш учун санитария, мувофиқлик, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик ҳамда ветеринария талабларига жавоб берадиган, умумий ер майдони ихтисослашган сўйиш корхоналарининг лойиҳаларида кўрсатилган майдонидан кам бўлмаган ер участкаларини белгиланган тартибда ажратади;

аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бозорларда ихтисослашган сўйиш корхоналарининг намунавий гўшт сотиш савдо шохобчаларини ташкил этилишини таъминлайди;

бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларига сотиш ва қайта ишлаш учун олиб кириладиган гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларни фақат ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида тайёрланишини таъминлайди;

хонадонларда ва бошқа рухсат этилмаган жойларда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини сотишга йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда:

ҳудудларда аҳолига қулай бўлган жойларда мини сўйиш корхоналари ташкил этиш дислокациясини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускорларни аниқлаб, 2019-2021 йиллар давомида босқичма-босқич ташкил этилиши таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

ҳайвонларни сўйиш хизматларини йўлга қўйишда ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади;

ихтисослашган сўйиш корхоналари ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматини ташкил этади ва унга малакали мутахассисларни жалб қилади;

ихтисослашган сўйиш корхоналарининг ветеринария мутахассислари, қассоблар ва бошқа техник ходимлари белгиланган тартибда малакасини оширади ва малака оширмаган ходимларни фаолият юритиши таъқиқланади;

гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг улгуржи савдоси фақатгина ихтисослашган сўйиш корхоналарида амалга оширилади. Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширишга йўл қўйилади;

гўшт сотилиши йўлга қўйилган бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвонларнинг гўштлари сотилишига рухсат этилади. Бунда, хонадонларда ва бошқа рухсат этилмаган жойларда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини сотишга йўл қўйилмайди;

шахсий эҳтиёжи учун сўйилган ҳайвонлар гўштлари ҳамда ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилмаган ва тегишли ветеринария ҳужжатлари (Ф2, Ф4 ва Ф200) бўлмаган гўштлар, шунингдек, келиб чиқиши номаълум бўлган гўштларни деҳқон бозорлари, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида сотилиши таъқиқланади;

умумий овқатланиш, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳалари, қайта ишлаш корхоналарида ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилган ҳамда сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳайвон гўштларидан фойдаланишга рухсат этилади;

сўйиладиган ҳайвонларни тижорат мақсадларида фақат ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш ва шахсий эҳтиёжи учун сўйишни ветеринария врачининг рухсати билан амалга ошириш мажбурийдир;

ҳайвонларни рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ветеринария врачининг рухсатисиз, шунингдек касал ҳайвонларни сўйиш қатъиян таъқиқланади;

тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, ветеринария ва санитария талабларига жавоб берадиган тери хом ашёсини қабул қилиш ва сақлаш учун бино ҳамда омборхоналари мавжуд бўлган “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзолари томонидан амалга оширилади.