13 Июл 2019

Халқаро экспертлар Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш концепциясини ишлаб чиқмоқда

Халқаро экспертлар Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш концепциясини ишлаб чиқмоқда

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича жойларда бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда идентификация ишлари қарорда келтирилган Низомга асосан, 8 та ҳайвон тури – йирик шоҳли мол, майда шоҳли мол, туя, от, эшшак, чўчқа, ит ва мушук каби ҳайвонлар ўртасида амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳайвон турига тақиладиган атрибут тури, ҳайвонларни элекртон тарзда ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тизимининг ишлаш жарёнини инобатга олган ҳолда, хорижий тажрибалар асосида ўрганиб чиқилди. Бизнинг иссиқ иқлим шароитимизга мос келувчи атрибутлар Давлат Стандартидан ўтказилди. 



Атрибутлар учун умумий Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қўмитасининг 2018 йил 18 июлдаги 48-сонли буйруғи билан тасдиқланди.

Ҳайвонларни идентификакция қилиш учун мутахассислар томонидан Туркия ва Швецария атрибутлари ўрганиб чиқилди. Атрибутлар ўлчами, электрон биркаларга 15 хонали такрорланмас рақам берилганлиги, ранги, рангсизланиши, антиаллергик хомашёдан тайёрланганлиги ҳамда иссиқ иқлим шароитига чидамлилиги Давлат стандартидан ўтказилди.

Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳам муҳим ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар доирасида Республикамизга халқаро экспертлар жалб қилиниб, амалий ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. 

Жорий йил 12 июль куни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасида ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича халқаро экспертларнинг идентификация тизимини, ягона электрон маълумотлар базасини тўлиқ жорий этилишга доир концепция, шунингдек, йўл харитасига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро муҳокама бўлиб ўтди.                                  

Унда қўмита масъул ходимлари, халқаро молия институлари, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳалари мавжуд бўлган донор ташкилот вакиллари иштирок этишди.



Тадбирни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов кириш сўзи билан очиб берди.

Анжуманда македониялик халқаро эксперт Слобаден Чокревский бу борада ўз тақдимотини намойиш этаркан, идентификация килинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш шунингдек, аҳоли ўртасида ҳайвонотга мансуб бўлган турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга эришиш мумкин, - дея таъкидлади.

Шунингдек, эксперт Чокревский идентификация жамиятда ва аҳоли орасида соғлом муҳит шаклланишида муҳим роль ўйнашини, идентификация-чорвачилик маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишида бирмунча қулайлик яратиши мумкинлигини алоҳида урғулади.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати