29 Май 2019

ХОРИЖИЙ ҲАМКОРЛИКЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА

ХОРИЖИЙ ҲАМКОРЛИКЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳар қандай мамлакат тараққиётида муҳим рол ўйнайди. Айниқса, бу борадаги халқаро ҳамкорликлар мамлакат иқтисодиётининг янада юксалишига хизмат қилади.

Яқинда Исроил давлатидан чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи компания вакилларидан иборат делегация аъзолари Бухоро шаҳрига ташриф буюришди. Хорижий меҳмонлар Бухорода Ўзбек — Исроил агробизнес форумида иштирок этдилар. Икки кун давом этган форум доирасида исроиллик меҳмонлар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик фермер хўжаликлари мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашдилар.


Шунингдек, исроиллик мутахассислар «Бухоро агро» эркин иқтисодий ҳудудида бўлиб, у ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди, шу ўринда юртимизнинг нисбатан қурғоқчил ва чўл ҳудудлари ҳисобланган Бухорода чорвачилик маҳсулотларини етиштиришнинг камҳарж, инновацион усуллари ҳам муҳокама қилинди. Форум сўнггида сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашнинг инновацион лойиҳалари намойиш этилди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси "Ўзбекчорванасл" агентлиги бошқарма бошлиғи Анис Ҳамидовнинг таъкидлашича, соҳа бўйича Исроил тажрибаси жуда катта аҳамиятга эга ҳисобланади, шу боис парранда ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «AGRIGO», «MAD», «GADOT AGRO» каби компаниялар билан улкан лойиҳалар бўйича музокараларга киришилди. Гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари етиштиришда замонавий технологик ютуқлар ҳамда анъанавий усуллар ҳам амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш 
давлат қўмитаси Ахборот хизмати