18 Дек 2018

ҲУДУДЛАРДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

ҲУДУДЛАРДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-445-сонли Қонуни талаблари, шунингдек, жорий йил 7 июньда Республика Бош прокуратурасида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури” ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ҳамда муҳим талаблардан келиб чиққан ҳолда Давлат ветеринария қўмитаси ходимлари томонидан жойларда сайёр қабуллар ва семинарлар ташкил этилди.

Қўмитанинг юридик ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўлими мутахассислари томонидан ҳудудларда бир қанча тарғибот ва ташвиқот ишлари самарали олиб борилмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти ветеринария бошқармасида ҳам коррупцияга қарши курашиш ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш, чуқур таҳлил этиш юзасидан семинар бўлиб ўтди. Қўмитанинг юридик бўлим бошлиғи А.Ташқулов, мурожаатлар билан ишлаш бўйича мутахассис А.Усмонов ва ветеринария соҳасининг вилоятдаги мутахассислари иштирок этган семинарни Жиззах вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи Р.Муратов кириш сўзи билан очиб берди.

Мазкур тадбирда юрист А.Ташқулов коррупцияга қарши курашиш ва бу бўйича Республика миқёсида олиб борилаётган тадбирлар хусусида нутқ сўзлади.

Шунингдек, семинарда қўмитанинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича мутахассиси А.Усмоновнинг барча ҳудудларда, хусусан, Жиззах вилояти ветеринария бошқармаси ва туман ветеринария бўлимларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар, уларни бартараф этиш юзасидан маърузалари тингланди.

Давлат ветеринария қўмитаси
Ахборот хизмати