5 Июл 2019

МЎҒУЛИСТОН ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЧОРВАЧИЛИК БОРАСИДА ЙИРИК ҲАМКОРЛАРИДАН БЎЛАДИ

МЎҒУЛИСТОН ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЧОРВАЧИЛИК БОРАСИДА ЙИРИК ҲАМКОРЛАРИДАН БЎЛАДИ

Президентимизнинг шу йили Сурхондарё вилоятига ташрифи давомидаги таклифига кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б. Норқобилов бошчилигида мамлакатимизнинг ветеринар ва чорвадорларидан иборат делегация Мўғилистон республикасида сафарда бўлди.

Ташриф мобайнида Мўғулистон Республикасининг ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш, мамлакатимиз иқлимига мос йўналишларни амалиётга татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда майда ва йирик шохли молларнинг хусусиятлари билан бевосита танишилди. Иккала давлат тадбиркорлари ўртасида чорвачилик маҳсулотларининг олди-сотди жараёнларини амалга оширишга кенг шароитлар яратиш муҳокама қилинди.

Мўғилистон Президентининг халқаро сиёсат бўйича маслаҳатчиси Тенгшжаргал Тюмен, Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирининг ўринбосари Саули Джанимхан, Ветеринария агентлиги раҳбари Тюмендемберел Дорьниям, Мўғилистон миллий ривожланиш Агентлиги қошидаги Инвестиция маркази директори Дашдемберел Нацагдори каби ҳукумат вакиллари билан учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг самарадорлиги ва истиқболдаги режалар бўйича келишувлар кенг муҳокама қилинди..


Мўғилистон миллий савдо-саноат палатаси ҳамда йирик ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди.

Бундан ташқари, делегация мутахассислари чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар, гўшт комбинатлари ҳамда хўжаликларда бўлиб, бу борадаги тажрибаларни ўрганишди.

– Мўғилистон томони юртимизнинг ғарбий ўлкаси ҳисобланган Ховд шаҳридан логистик марказ сифатида фойдаланишни таклиф қилади, – дейди Мўғилистон Президентининг халқаро сиёсат бўйича маслаҳатчиси Тенгшжаргал Тюмен мулоқот чоғида. – Юртингизга гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш учун транспорт коридори яратишда, чорва маҳсулотларини ҳаво йўли орқали юбориш ҳамда ушбу йўналиш орқали Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини бизга етказиб бериш, шунингдек, чорва маҳсулотлари билан савдо-сотиқ қилишда бу жой қулай ҳудуд саналади.



Маслаҳатлашувлар якунида Ўзбекистон ва Мўғилистон давлатлари ўртасида йирик ва майда шохли моллар ҳамда от гўштини экспорт ва импорт қилиш бўйича халқаро ветеринария сертификати, тирик ҳайвонларни экспорт ва импорт қилиш бўйича келишув, ветеринария хизматлари ҳамкорлигини кенгайтириш, эпизоотик мониторинг ва лаборатория ташхислари, маълумот алмашиш ҳамда малака ошириш бўйича келишув, ҳар икки давлат компаниялари ўртасида савдо сотиқ қилиш бўйича меморандум имзоланди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати