28 Июл 2019

ТОШКЕНТДА ЧОРВАЧИЛИКНИНГ БАРЧА ТАРМОҚЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МУҲОКАМАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

ТОШКЕНТДА ЧОРВАЧИЛИКНИНГ БАРЧА ТАРМОҚЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МУҲОКАМАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Пойтахтимизнинг "Наврўз" тантаналар саройида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик, асаларичилик ва қуёнчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди.                                                          

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчилар, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланувчилар, соҳа олимлари, ем маҳсулотларини етиштириб берувчилар, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар мутахассислари ва тадбиркорлар ҳам ташриф буюришди.

Унда таъкидланганидек, эндиликда мазкур соҳаларга пахта ва ғалла каби алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ҳудудларда чорвачилик комплексларини ривожлантириш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилади. Фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжи бўйича ерларни ўғитловчи, озуқа ўсимликларини прессловчи ва ер майдонларини юмшатувчи техникалар яратилади. 

Тадбирда сўзга чиққан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов тизимда олиб борилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар хусусида нутқ сўзлади. Қўмита раисининг таъкидлашича, ҳозирги кунда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда келгусидаги режалар тизимнинг бошқа соҳалар қатори янада тараққий этишига замин яратади.

Эндиликда мамлакатимизда 6 минг 500 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида 2023 йилгача махсус наслчилик тармоқлари ташкил этилади. Маълумки, аҳоли хонадонларидаги қорамоллар наслини яхшилашнинг муҳим йўналишларидан бири сунъий уруғлантириш ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, сунъий уруғлантириш орқали қорамолларнинг сут ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш мумкин. Шу боис, сентябр ойидан Самарқанд ветеринария медицинаси институтида сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилиши режалаштирилган.



Йиғилишда таъкидланганидек, қуёнчиликнинг айнан тери, гўшт ва момиқ йўналишлари ҳам ривожлантирилади. 

Жумладан, бугунги кунда аҳоли хонадонлари ва қуёнчилик хўжаликларида 112 609 бош, шундан 66 137 бош зотдор қуён кўпайтирилмоқда. 2019 йилнинг шу пайтига қадар 24 минг бош қуён гўштга топширилиб, 46,5 тонна парҳез гўшт етиштирилди. Ҳозирги кунга келиб қуёнчиликни айнан тери, гўшт, момиқ йўналишларини ривожлантириш ишлари олиб борилиб 14 минг бошдан ошиқ юқори наслли қуён парваришланмоқда.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси билан келишилиб, тери йўналишдаги қуёнларни кўпайтириш ишлари бошланган. Ўзбекистон наслли қуён етиштирувчилар ассоциацияси кўмагида Ўрта Осиёда илк бор чет давлатдан алоҳида жиҳозланган қуён ташиш автомашинаси харид қилинди. Келгусида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида “Қуёнчилик селекцияси ва генетика маркази” ташкил қилиниши ҳам кўзда тутилган.

2019 йил учун Республикамизда асаларичилик соҳасини стратегик ривожлантириш йўналиши белгиланиб, бунда қишлоқ хўжалиги экинлари ва боғларни асаларилар билан чанглатиш агротехникаси амалиётга жорий этилган.

Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш ишлари янги босқичга кўтарилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, тизимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, соҳага замонавий илмий-инновацион ғояларни жорий этиш бўйича бир қатор йўналишларда амалий ишлар бошлаб юборилган.



Тадбирда балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Сўнгги йилларда бу борада интенсив технологияларни кенг жалб этиш жадаллашди. 2018-2019 йиллар давомида қуввати 6,9 минг тонна бўлган жами 38 та ёпиқ сув айланма тизимлари қуриб битказилди. 

Биргина 2019 йилнинг ўтган олти ойида 16 та 3750 тонна қувватли сув ҳавзаси барпо этилди. Шунингдек, қуввати 13,3 минг тонна бўлган 393 гектар майдонда интенсив сув ҳавзалари ишга тушурилди. Табиий сув ҳавзаларига балиқчилик хўжаликлари томонидан жами 3577 та қафас мосламалари ўрнатилди.

Йиғилишда омухта ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш, маҳсулдорлик кўрсаткичларини ошириш ва чорвачилик, балиқ, паррандачилик тармоқларига етказиб бериш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Йиғилиш олдидан республика тижорат банклари, “Қоракўлчилик“, “Ўзбекчармсаноат”, “Ўзбекбалиқсаноат”, “Ўзбекистон асаларичилари” “Паррандасаноат” уюшмалари томонидан қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик ва қоракўл маҳсулотларини етиштириш бўйича истиқболли лойиҳаларга асосланган тадбиркорлик йўналишлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда иштирокчилар мазкур соҳаларда олиб борилаётган замонавий технологиялар, инновацион лойиҳалар билан яқиндан танишиб, зарур маълумотларга эга бўлди.

 


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати