9 Июл 2019

ТУРК ИШБИЛАРМОНЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

ТУРК ИШБИЛАРМОНЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасида Туркиянинг ТИCА ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағлар, “АЙВEТСАН” компанияси раҳбари Содиқ Экинжи, лойиҳа менежери Чагри Билизҳи ҳамда ахборот ва коммуникация технологиялари бўйича мутахассис Муродхон Йилдирим сингари туркиялик делегатлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Қўмита раиси Б. Норқобилов раҳбарлигида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуллаев, қўмита Халқаро ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар. Учрашувда асосий эътибор ҳайвонларни идентификация қилиш, улар учун қулоқ теглар ишлаб чиқариш ва мониторинг қилиб бориш дастурларини жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилди. 


Учрашув аввалида Али Ихсан Чағлар икки мамлакат раҳбарларининг дўстона муносабатлари ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишларидан бири бу – қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобланади. Шу муносабат билан ТИCА ваколатхонаси “АЙВEТСАН” компанияси раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш масаласини ҳам илгари суришди.

Ҳозирда Туркияда қулоқ теглар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган 10 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, улардан 5 таси ушбу маҳсулотларни ички бозорга етказиб берувчилардир. Шу ўринда туркиялик ишбилармон Ўзбекистонда электрон тиргаклар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.



Ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишнинг яна бир муҳим жиҳати чорвачилик учун озуқ-ем манбалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳисобланади.

Учрашув охирида томонлар жорий йилнинг август ойи бошида қўмита делегациясининг Туркияга ташрифи давомида координаторлар орқали алоқаларни давом эттириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилишди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати