14 Июн 2019

ВЕНГРИЯЛИК МУТАХАССИСЛАР ЎЗБЕКИСТОН ЧОРВАЧИЛИГИГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

ВЕНГРИЯЛИК МУТАХАССИСЛАР ЎЗБЕКИСТОН ЧОРВАЧИЛИГИГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасида Венгрия Республикаси делегатлари ва соҳа мутахассислари иштирокида ҳамкорлик масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда қўмита раиси ўринбосари, “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори А.Абдуллаев, Венгрия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Петер Санто, Венгрия чорвадорлар уюшмаси раиси Доктор Вагенхофер Зомбор, “Баболна-Тетра” наслчилик-паррандачилик корхонаси вакили Хлеба Золтан каби венгриялик чорвачилик соҳаси мутахассислари, қўмита масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни қўмита раиси ўринбосари, “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Абдурасул Абдуллаев кириш сўзи билан очаркан, ҳозирги пайтда хукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида бир қатор хорижий ҳамкорликлар йўлга қўйилиб, ветеринария, хусусан чорвачилик ва наслчилик, озуқа етиштириш йўналишлари ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.


Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида Давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон қарор билан қўмита олдига бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Албатта, бу ислоҳотлар замирида ветеринария ва чорвачилик соҳаларининг эртанги истиқболи, қолаверса, соҳада етук мутахассис кадрлар тайёрлаш сингари мақсадлар турибди. Шу билан бирга ветеринария ва чорвачилик йўналиши учун хорижий инвестицияларни жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш каби жараёнлар ҳам соҳа олдида турган энг долзарб масалалардан биридир.

“Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Абдурасул Абдуллаев айнан шу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Дастлаб хорижий меҳмонларнинг “Магистр-Гоод” ва “Баболна-Тетра” компаниясига қарашли наслчилик ва паррандачилик, “Агрофед” ихтисослаштирилган компаниясининг чорвачилик ва ем-ҳашак маҳсулотларини ишлаб чиқариш, “Хандланд” компаниясининг сут ва сут-гўшт маҳсулотлари етиштириш ҳамда “Хевесгеп” компаниясининг озуқа экинларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш мавзуларига бағишланган тақдимотлари бўлиб ўтди.



Мазкур тадбирда ўзаро ҳамкорлик, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, чорвачилик ва наслчилик-селекция ишларини янада ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, чорвачилик йўналишида замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш каби муҳим мавзулар муҳокамалар марказида бўлди.

Шунингдек, паррандачилик, балиқчилик ва ветеринария соҳаларида Венгриянинг етакчи олий ўқув юртларида мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш келишилди. 





Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати