30 Янв 2019

ЮРТИМИЗ БЎЙЛАБ ХОТИРА ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

 ЮРТИМИЗ БЎЙЛАБ ХОТИРА ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президент Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу тарихий сана муносабати билан жойларда хотира тадбирлари ўтказилмоқда.

Барча вазирлик, давлат ва хўжалик бошқарув органлари қатори Давлат ветеринария қўмитаси жамоаси ҳам Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, буюк давлат ва сиёсат арбоби ҳайкали пойига гул қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.


Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузуми қарамлигидан озод қилган улуғ шахс эди. Оғир қийинчиликларга қарамай, қисқа муддат ичида юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимиз ҳайкали ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги қарорига асосан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари давом этмоқда.​​     

 Давлат ветеринария қўмитаси
 Ахборот хизмати