13 Авг 2019

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТУРКИЯГА ТАШРИФИ

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТУРКИЯГА ТАШРИФИ

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси Раиси Б.Норқобилов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 5-9 август кунлари ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Туркия Республикасига хизмат сафарини амалга оширди.

Делегация Туркия Республикасининг Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигига ташриф буюриб, соҳа доирасида қатор музокаралар олиб борилди. Хусусан, Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг ветеринария, чорвачилик, наслчилик ва балиқчилик йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлари ва илғор тажрибалари борасида тақдимотлар ўтказилди.

Шу билан бир қаторда делегация Туркия Республикасининг Қишлоқ хўжалиги кредитлаш корпоративи бош бошқармаси билан учрашди.



Учрашув давомида уларнинг фаолияти таништирилиб, уруғчилик, чорвачиликда наслчилик ҳамда фермер хўжаликларини корпоратив ҳисобидан кредит маблағлари эвазига молиялаштириш, улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни реализация қилиш йўналишида келгусида ҳакморликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун озуқа етиштириш майдонларига экиладиган сертификатга эга янги навли уруғларни экиш, уларни Ўзбекистон Республикасининг иқлим шароитига мослаштириш бўйича музокаралар олиб борилиб, икки давлат олимларининг уруғчилик селекциясини янада ривожлантириш борасида ҳамкорликда ишларни олиб боришга келишилди.

Делегация Ўзбекистонга инвестиция киритиш ҳамда кенг ҳамкорлик қилиш истагини билдирган қатор салоҳиятли корхоналар, хусусан “Ayvetsan”, “ТИГЕМ”, “Интегро”, “Пинар” каби корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда келгусида ҳамкорлик истиқболлари борасида келишиб олинди.

Икки давлат ўртасида чорвачилик маҳсулотларининг товар айланмасини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларига, шунингдек инвесторларга чорвачилик маҳсулотлари савдосига кенг имкониятлар яратиш мақсадида халқаро ветеринария сертификатлари лойиҳалари имзоланиб, келиб чиқиши чорвачиликка мансуб маҳсулот ва хом ашёларнинг Ўзбекистондан Туркияга экспорт қилиниши учун замин яратилди.




Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати