30 Июл 2019

Ўзбекистон ва Қозоғистон ветеринарлари оқсил касаллигига қарши ўзаро ҳамкорликда курашади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ветеринарлари оқсил касаллигига қарши ўзаро ҳамкорликда курашади

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Қозоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Гулмира Исаева бошчилигидаги қозоқ чорвадорлари ва соҳа мутахассисларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Унда икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ва чорва маҳсулотларининг эркин бозорини очиш хусусида фикр алмашилди. Бунинг учун ветеринария соҳаси ва чорвачилик истиқболларига эътибор қаратилиши, Ўрта Осиёда чорва касалликларининг олдини олиш, бу борада биргаликда ҳаракат қилиш, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши зарурлиги таъкидланди.

Чегарадош ҳудудларда чорва молларини эмлаш тизимини жорий этиш, ваксиналарнинг ягона базасини яратиш ҳамда хорижий экспертлар иштирокида ўқув-амалий семинарлар ташкил этиш масаласи кўрилди.



Музокаралар чоғида чорва молларида кўп учрайдиган, таъбир жоиз бўлса жиддий талофат етказадиган “оқсил” касаллигига қарши биргаликда курашишга келишилди. Август ойида Қозоғистонда “оқсил”га қарши курашишнинг самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилиши, унга франциялик мутахассислар таклиф этилиши ҳамда мамлакатимиз олимлари тажриба алмашиб қайтиши белгиланди.

Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан мулоқот чоғида кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилдик, – дейди Г.Исаева. – Хусусан, ветеринарларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда “Ardus” ва “Merkuriy” тизимлари орқали ахборот алмашиш ҳар икки томон учун фойдалидир.

Таъкидлаш жоизки, музокараларнинг иккинчи босқичи шу йилнинг 19-21 август кунлари Нур Султонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида муҳокама қилинади.



Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати