Жорий йилда 201,5 минг тонна балиқ етиштирилади
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, тармоққа инновацион ғоялар, замонавий ишлаб чиқаришни, чет эл инвестицияларини жалб қилиш имконини яратди.
Ўзбекистонда ёпиқ сув айланма тизимида, сунъий сув ҳавзаларида балиқ маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усули оммалашмоқда. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2017 йилда 83,9 минг тонна балиқ етиштирилган, 2018 йилда бу кўрсаткич 116 минг тоннани ташкил этган. Жорий йилда эса 201,5 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган. Мамлакатимизда 4 мингга яқин балиқчилик хўжалиги фаолият юритади. Соҳага доир 1 минг 184 лойиҳа молиялаштирилди, 60 инкубацион цех, 4 минг 200 гектар репродуктор ҳавза, 31 балиқни қайта ишлаш заводи ишга туширилди. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги балиқчилик хўжаликлари учун белгиланган сув миқдорининг кафолатли етказиб берилишини таъминлайди.
– 2018 йилда мазкур соҳа ривожи учун Венгрия, Хитой, Эрон, Вьетнам, Россия, Туркия каби давлатлардан хорижий инвестиция жалб қилинган эди, – дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Шаҳзод Ҳамзахон. – Жорий йилда хорижий давлатлар билан 14 миллион доллар миқдорида шартнома имзоланиши режалаштирилган. Ҳудудларда балиқчилик хўжаликларини молиялаштириш имтиёзли банк кредитлари ҳисобидан таъминланадиган бўлди.
Олимларимиз балиқчилик саноатини ривожлантириш борасида изланишлар олиб бормоқда. Бунда селекция ва наслчилик ишлари, балиқларни экологик шароитларга мослаштириш, касалликларнинг олдини олиш, сув объектларини мунтазам дезинфекция қилиш ва бошқа омилларга асосий эътибор қаратилмоқда. Таҳлилларга кўра, балиқ чавоқларини етиштирувчи инкубация цехлари, балиқчилик хўжаликларига бириктириб берилган табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида муаммолар мавжуд. Айниқса, балиқ етиштириш, уни қайта ишлаш учун арзон ва сифатли ускуналардан фойдаланишда оқсоқликлар кузатилмоқда. Балиқчилик хўжаликларининг минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжи ҳали-ҳамон қондирилмаяпти.
Мамлакатимизда балиқчилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019-2021 йилларда балиқчилик кластерларини жорий этиш учун муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу эса, тўла циклли инкубацион цехлар фаолияти, балиқ ва балиқ чавоқларини етиштириш, балиқ учун оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва маҳсулотларни сақлашнинг тўлиқ жараёнини ўзаро боғлаш имконини яратади.
– Юртимизда балиқчилик тармоғининг барча соҳасини қамраб олувчи ва унинг жадал ривожланишини таъминловчи ягона бошқарув тизими ташкил этилиши тадбиркорлар учун айни муддао бўлди, – дейди “Xorazmbaliqsanoat Agro” масъулияти чекланган жамияти директори Омонбек Мавлиев. – Корхонамиз фаолият бошлаганига бир йил бўлди. Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 161 гектарни ташкил қилади. Асосан Хитойдан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган. 2018 йилда 315 тонна балиқ етиштиришга муваффақ бўлдик. Кўрилган фойда эвазига корхонамизга майда балиқ етиштириш учун махсус 9 инкубацион банкалар сотиб олдик.
Корхонада 44 иш ўрни яратилган. Олинаётган даромад ҳисобидан яқинда балиқ ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Шу билан бирга хўжаликда балиқлар учун омихта ем тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган.
Мутахассислар ҳар бир киши 1 йилда камида 12 килограмм балиқ истеъмол қилиши керак, деб ҳисоблайди. Доимий балиқ истеъмол қилиш юрак-қон томирлари билан боғлиқ касалликларнинг олдини олар экан.
Манба: ЎзА