Ҳалқаро Эпизоотик Бюро бош директори Моник Элуа Ўзбекистонга расмий ташрифини амалга оширди
Халқаро Эпизоотик Бюро 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлари мазкур халқаро ташкилот аъзоси ҳисобланади. Дунё иқтисодий интеграциялаш жараёнида фаол иштирок этиш, ҳалқаро меъёрлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, ҳалқаро ветеринария кодексига мувофиқ бошқа давлатлар билан икки томонлама тенг ҳуқуқли муносабатларга киришиш ва бошқа имкониятлардан кенг фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон 1992 йил 9 октябрдан Халқаро Эпизоотик Бюронинг аъзоси ҳисобланади.
Халқаро Эпизоотик Бюронинг олий органи Делегатларнинг бутунжаҳон ассамблеяси ҳисобланиб, ҳар йили май ойида Бюронинг штаб квартираси жойлашган Париж шаҳрида Делегатлар бутунжаҳон ассамблеясининг бош сессия бўлиб ўтади. Ушбу бош сессияда барча аъзо мамлакатларда бирдек кучга эга бўлган тегишли қарорлар, резолюциялар, тавсиялар қабул қилинади ва бошқа ташкилий ҳамда зарурий масалалар кўриб чиқилади.
Бюрога раҳбарликни Делегатларнинг бутунжаҳон ассамблеяси томонидан беш йиллик муддатга сайланадиган бош директор амалга оширади. 2015 йил Моника Элуа хоним беш йиллик муддатга бош директор лавозимига сайланган бўлиб, белгиланган тартибга кўра у 2016 йил1 январдан ўз фаолиятини бажаришга киришган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўлланмалар, тавсиялар ҳамда ветеринария соҳасида халқаро кодекслар, стандартлар, турли касалликларни олдини олишга қаратилган ўқув ва амалий қўлланмалар каби халқаро ҳужжатларни жорий этиш ҳамда жаҳонда ҳайвонлар орасида юқумли касалликларнинг тарқалиб кетишини олдини олиш ва ветеринария соҳасини бутунжаҳон миқёсида мувофиқлаштириш ва тартибга солиш Халқаро Эпизоотик Бюронинг асосий вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қўмитаси раиси ва Халқаро Эпизоотик Бюро бош директорининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон билан Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасидаги хамкорлик сўнгги йилларда мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Шу билан бир қаторда бугун Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан ветеринария соҳасига катта эътибор берилаётганлиги, бошқарув тизимида ислоҳатлар амалга оширилаётганлиги, соҳанинг тараққиёти янги босқичга кўтарилаётганлиги Бош директор томонидан алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Давлат ветеринария қўмитаси алоҳида давлат органи сифатида ташкил этилиши ҳамда ветеринария хизматида бошқаришнинг ягона вертикал тизими жорий қилиниши Халқаро ташкилот раҳбари томонидан юқори баҳоланди.
Учрашув давомида Давлат ветеринария қўмитаси томонидан Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегияси, унинг мазмун моҳияти тўғрисида маълумотлар берилди. Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори томонидан ҳаракатлар стратегияси юқори баҳоланиб, унда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги маълум қилди.
Шунингдек, ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби ҳамда ягона маълумотлар базасини шакллантириш тартиби белгиланиши натижасида республикада озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, халқаро савдо-сотиқ алоқалари, хусусан экспорт ишларини йўлга қўйишда янги марралар забт этилганлиги қайд этилди.
Бош директор Моник Элуа бу бўйича Халқаро Эпизоотик Бюро техник ва консултатив кўмак кўрсатишга, халқаро донорлар билан ишлашда яқиндан амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Бош директор томонидан Ўзбекистонда ветеринария соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида Халқаро Эпизоотик Бюронинг тавсияларидан кенг фойдаланилаётганлиги бугун Ўзбекистонда ветеринария хизматини ҳалқаро андозалар асосида ташкил этишга қаратилаётган саъй ҳаракатлар деб баҳолади.
Шунингдек, ветеринария соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ишлари ҳам илгари сурилиб, бу борада ҳам Эпизоотик Бюро ҳамкорлик қилишга ва ваколат доирасида кўмак беришга тайёр эканлиги қайд қилинди.
Учрашув давомида, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланиб, бугун Ўзбекистонда барча соҳалар каби ветеринария соҳасида ҳам янги давр бошланганлиги эътироф этилди.
Бош директор жорий йил июнь ойида Ўзбекистонда Халқаро Эпизоотик Бюронинг мустақил экспертлари томонидан ветеринария хизматини баҳолаш миссияси якунларига тўхталди. Бунда, республикада бир қатор ижобий ўзгаришлар юқори тенденцияни кўрсатганлиги, ҳалқаро меъёрларни миллий қонунчиликка мувофиқлаштирилганлиги, соҳада бошқарув тизими такомиллашттирилганлигини юқори баҳоланди.
Моник Элуа соҳада керакли барча ҳуқуқий ҳамда фундаментал асослар яратилганлиги ва Ўзбекистон ветеринария соҳасида кейинги қадамни ташлашга тайёр эканлигини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан Бош директорга ветеринария мутахассислари тайёрланадиган олий таълим муассасаларида ҳамкорликдаги лойиҳаларни жорий қилиш ҳамда Халқаро Эпизоотик Бюронинг Марказий Осиё давлатлари бўйича ҳудудий ўқув марказини Ўзбекистонда ташкил этиш таклиф этилди.
Ушбу таклифлар Моник Элуа томонидан қўллаб қувватланди ҳамда бу борада ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув якуни билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасида ветеринария соҳасида хамкорлик қилиш бўйича шартнома имзоланди.
Шундан сўнг, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ветеринария мутахассислари иштирокида пресс-конференция бўлиб ўтди.
Пресс-конференцияда журналистлар ҳамда мутахассислар томонидан илгари сурилган Халқаро Эпизоотик Бюро ва унинг вазифалари, Дунёдаги эпизоотик вазият, Ўзбекистонда ветеринария соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатларга муносабат, жаҳонда ветеринария мутахассислари тайёрлашдаги илғор тажрибалар ва ҳайвонларни идентификация қилишнинг афзалликлари ва бу борада дунё тажрибаси каби берилган саволларга Моника Элуа томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Шунингдек, Бош директор Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашиб келгусида амалга оширилиши долзарб бўлган вазифалар тўғрисида келишиб олинди.
Ташриф давомида олий мартабали меҳмон Тошкент шаҳридаги “Хазрати имом” мажмуаси ҳамда “Темурийлар тарихи давлат музейи”га ташриф буюрди.