Бош давлат ветеринария инспектори жаҳон банки вакилларини қабул қилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида чорвачиликни ривожлантириш, чорва молларининг бош сонини кўпайтириш, уларни касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринар осойишталикни таъминлаш орқали аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Республикамизда чорвачиликнинг юқори тенденцияларда ривожланиб бориши ҳамда кўпгина чет мамлакатлар билан келиб чиқиши чорвачиликка мансуб маҳсулот ва хом ашёларнинг импорт ва экспорти йўлга қўйилиши муносабати билан 1992 йил 9 октябрдан Ўзбекистон Республикаси Ҳалқаро Эпизоотик Бюрога аъзо бўлиб кирган. Бу билан дунё иқтисодий интеграциялаш жараёнида фаол иштирок этиш, ҳалқаро меъёрлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, ҳалқаро ветеринария кодексига мувофиқ бошқа давлатлар билан икки томонлама тенг ҳуқуқли муносабатларга киришиш ва бошқа имкониятлар учун ҳуқуқий база яратилди.
Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш лойиҳаси” доирасида давлат ветеринария хизмати тизимининг моддий-техник ресурслар базасини янада мустаҳкамлаш ва хизмат кўрсатиш кўламини янада такомиллаштириш мақсадида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилмоқда.
2017 йил 31 май куни Давлат ветеринария бош бошқармасида жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди ва музокаралар давомида мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида келгусидаги вазифалар келишиб олинди.
Давлат ветеринария
бош бошқармаси