18-22 сентабр кунлари “ICTWEEK-2017” ҳафталиги бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 18-22 сентабр кунлари бўлиб ўтадиган ICTWEEK-2017 ҳафталиги бу йил формат ва мазмун жиҳатдан аввалги йиллардан фарқ қилади. Жумладан, бу йил ташкил қилинаётган кўргазма кичик ва ўрта бизнес соҳасида фаолият кўрсатувчи IT-компаниялар учун катта имкониятлар эшикларини очиб беради. Иштирокчиларга кўргазма доирасида шартномалар имзолаш ҳуқуқи берилади. Бу эса янги ишланма ва дастурларни амалда татбиқ этиш, дастурий таъминот бозори ривожи учун айни муддао. Шунингдек, бу йил кўргазмада иштирок этувчи юртимиз аҳолиси нафақат маҳаллий, шунингдек жаҳон IT-саноатининг илғор маҳсулотлари билан ҳам танишадилар.
Бу йил ҳафталикни ўтказиш жараёнидаги муҳим янгиликлардан бири - кўргазмада иштирок этиш учун стендларни онлайн буюртма қилиш хизмати бўлди, дейиш мумкин. Бунинг учун www.ictweek.uz сайтидаги интерактив харита орқали маъқул стендни танлаш ва олдиндан банд қилиш мумкин.
Шунингдек, кўргазма форматига кўра ҳам ноанъанавий бўлади. Аниқроғи, инновацион! Кўргазма павилонлари орасида маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил илинади. Жумладан, Cyber Games, стартап лойиҳалар тақдимотлари, RoboKidz - роботлар намойиши, demozona - янги лойиҳалар намойиш этиладиган ҳудуд, 3D-заллар, шу билан бирга, интерактив ўйинлар учун бўлимлар мавжуд бўлади.
Яна бир муҳим илғор жиҳат - электрон равишда рўйхатдан ўтиш тизимидир. Энди иштирокчи автоматлашган тизим ёрдамида қатнашишни режалаштирган тадбирни ҳамда вақтини электрон форматда аввалдан заҳирага олиб қўяди.
Бу йил ICTWEEK UZBEKISTAN-2017 ҳафталиги доирасида ўтказиладиган тадбирларнинг барчаси ягона манзилда бўлиб ўтади. Бу ўз навбатида, иштирокчиларга ўзини қизитирган барча дастурларни ўтказиб юбормаслик имконини беради. Шунингдек, «O‘zekspomarkaz» ҳудудининг қулай инфратузилмага эгалиги ҳафталикни юқори даражада ташкил қилинишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиланган "Шартномалар реестрини рўйхатга олиш ва юритиш тартиби тўғрисида"ги Низомда «ICTWEEK UZBEKISTAN-2017» мобайнида шартномаларни имзолаш қоидалари белгилаб берилган.
Мазкур Низомга кўра, бу имтиёздан Ўзбекистон Республикасида ахборот- коммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик субъектлари фойдалана оладилар. Бу янгилик миллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни кўзлайди.
Шунингдек, айтиб ўтиш жоизки, тўғридан-тўғри шартномалар фақатгина мазкур кўргазма иштирокчилари томонидан тузилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, кўргазма доирасида ахборот тизимларини, ресурслари ва маълумотлар базаларини ҳамда бошқа дастурий таъминот маҳсулотларидан фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва бу йўналишда хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар имзоланиши мумкин. Низомда ҳам мазкур жиҳатлар алоҳида белгилаб берилган.