25 Янв 2017

АМАЛИЙ СЕМИНАРЛАР

2017 йил январ ойида O’zLiDeP ҳамда Давлат ветеринария бош бошқармаси ҳамкорликда “Ветеринария дори воситалари савдосининг ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлигини таъминлаш: долзарб вазифалар ва уни янада такомиллаштириш” мавзусида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарда фаолият олиб бораётган хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар иштирокида амалий семинарлар ташкил этилди.

Жумладан, 2017 йилнинг 25 январ куни O’zLiDeP марказий кенгашида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хусусий ветеринария хизмати вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда, Ветеринария – ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини, ҳайвонлар касалликлари пайдо бўлишининг, тарқалишининг олдини олишни ва уларни тугатишни, аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилишни таъминлашга, ҳайвонларга ветеринария хизмати кўрсатилишини амалга оширишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг ветеринар осойишталигини, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий ва амалий фаолият соҳаси эканлиги таъкидланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча сохалар қатори ветеринария сохасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Бугунги кунгача давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан икки минг беш юздан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга белгиланган тартибда лицензиялар берилди. Хусусий ветеринария хизмати томонидан рақобатбардош ва экспортбоп бўлган 175 турдаги ветеринария дори воситалари ва 31 турдаги озуқаб қўшимчаларини ишлаб чиқариши йўлга қўйилди.

Музокаралар давомида эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 8 августдаги “Ветеринария хизмати ёш кадирларни тайёрлашни янада такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларни рағбатлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 253-сонли ҳамда 2016 йил 25 октябрдаги “Давлат ветеринария хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 361- сонли қарорларининг қабул қилиниши ветеринария хизматининг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Тадбирда шунингдек, чорвачиликни янада ривожлантириш, ветеринария хизматини янада яхшилаш ва эпизоотик холатнинг барқарорлиги ва ветеринар осойишталикни таъминлашда хусусий ветеринария хизматининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда сўз олганлар 2015 йил 29 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг  қонунида хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланиш учун   ветеринария врачи бўлиш шартлиги бўйича чеклов бекор қилиниб, Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан бериладиган лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусий ветеринария фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қўйилиши хусусий ветеринария фаолиятининг кенг ривожланишига туртки бўлаётганини эътироф этдилар.

Тадбир давомида Давлат ветеринария хизмати томонидан лицензия бериш, ветеринария назорати остидаги товарларнинг импорт ва экспорт қилинишида ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш тартиб ва қоидалари ҳамда бу борада тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шароитлар, хусусан интер фаол хизматлар юзасидан алоҳида тўхталиб, бу бўйича батафсил маълумотлар берилди. 

Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, муҳокама якунларига кўра тегишли қарор ва тавсиялар қабул қилинди.

Давлат ветеринария 
бош бошқармаси