25 Апр 2017

Биринчи Ўзбекистон ветеринария конференцияси

Мустақиллик йилларида ветеринария соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос келадиган қонунчилик тизими шакллантирилиб, соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, мамлакатда эпизоотик барқарорликни таъминлаш ҳамда ўта хавфли юқумли касалликларнинг тарқалишини ўз вақтида профилактика қилиш ва уларга қарши курашишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.

Соҳанинг ривожланишида, аҳолига сифатли ветеринария дори воситаларини етказиб берилишида ўз ҳиссаларини қўшаётган хусусий ветеринария фаролияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ҳам алоҳида ҳиссаси бўлиб, бугун хусусий ветеринария хизмати томонидан рақобатбардош ва экспортбоп бўлган 175 турдаги ветеринария дори воситалари ва 31 турдаги озиқа қўшимчалари ишлаб чиқарилишига эришилди.

Жумладан, “Ўзбиокомбинат” қўшма корхонаси томонидан бугунги кунда 47 турдаги ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилган бўлиб, келажакда биологик препаратларни ишлаб чиқариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ветеринария ҳақидаги илк эслатмалар Мисрда топилган “Эберс папируси” битикларида (Эрамиздан олдинги 1500 йиллар) келтирилган бўлиб, унда 877 та касалликлар ва уларнинг белгилари қайд этилган. Ушбу папирус битигида ҳайвонлар ҳақида бир қанча битиклар бўлиб, бунда гўштда пашшанинг ривожланиши ва сув бақасининг пайдо бўлиши каби маълумотлар келтирилган. Бу айнан ўша даврларда ҳайвонларни даволовчи алоҳида врачлар жамоаси мавжуд бўлганлигидан далолат беради.

Шунингдек, Гиппократ (Грек, эрамиздан олдинги 460-377 йиллар) табиатда юқумли касалликлар қўзғатувчиларининг мавжудлиги тўғрисидаги гипотезани ва эпидемик жой ва йил концепциясини илгари суради.

Абу-Али Ибн Синонинг (980 - 1038 йиллар) зоология, ҳайвонларнинг касалликлари ва уларни даволаш бўйича ўрганишлари ва қўл ёзмаларидан ўша даврдаёқ фойдаланила бошланган ва унинг “Тиб қонунлари” 12 асрда лотин тилига таржима қилиниб, амалиётда кенг фойдаланилган.

Шунингдек, бир қатор қўлёзмалар ва битикларда ҳайвонларнинг хусусан отларнинг анатомияси ва патологияси тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Ветеринариянинг ривожланишида асосий даволаш объекти отлар бўлган. Жумладан, ҳарбий юришларда фойдаланилган жароҳатланган отларни даволаш ўша пайтларда энг долзарб вазифалардан бўлиб ҳисобланган ва бу ишларни одатда отларни тақалаш билан шуғулланадиган ва уларга қарайдиган шахслар амалга оширган. Кейинчалик отлардан қишлоқ хўжалиги, транспорт ва маиший мақсадларда фойдаланишга бўлган талаб ортиб бориши натижасида аста секинлик билан отларни даволаш билан шуғулланадиган гуруҳлар шакллана бошлаган. Ветеринария хизмати кўрсатиш билан чўпонлар ва чорвадорлар шуғуллана бошлаган. Бундай ҳайвонларни даволовчилар – гиппиатрлар (лотинчадан hippos – от ва iatros – шифокор) деб аталган.

Ветеринария энг аввал Греция, Рим, Араб ва бошқа мамлакатларда ривож топиб, одамлар бир бирига ўргатиб борган ва бунда отлар асосий объект вазифасини ўтаб келган. Ветеринарияда илмий жараёнлар аста секинлик билан ривожланиш билан бир қаторда уни ўргатиш ҳам кенг ривожланиб борган ва XVIII асрнинг иккинчи ярмида биринчи бўлиб Францияда ветеринария мактаби ташкил этилди.

Бугунги кунда фаолият олиб бораётган Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти (Ҳалқаро Эпизоотик Бюро) ҳам 1924 йилда Жаҳонда ҳайвонлар касалликларини тарқалиб кетишини олдини олиш, ҳайвонлар соғлиғини сақлаш, ҳайвонларни турли касалликларга чалинишини олдини олиш, даволаш ва шу орқали инсонларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида айнан Франция давлатининг Париж шаҳрида ташкил этилди ва Бу ҳалқаро ташкилотга Ўзбекистон 1992 йил 9 октябрда аъзо этиб қабул қилинди.

Жамиятда ветеринария касбининг муҳимлиги ва инсониятнинг тарққиётидаги аҳамиятини сингдириш, ветеринария ташкилотлари ва ветеринария врачларининг нуфузини янада кўтариш мақсадида 2000 йилдан ҳар йил апрел ойининг охирги шанба куни бутун дунёда “Ҳалқаро ветеринария куни” деб белгиланди ва ҳар йили бу кун кўпгина давлатларда байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Жорий йил Мамлакатимиз ҳукумати раҳбарлигида юртимизда ҳам илк бор ушбу кун ветеринария конференцияси шаклида алоҳида нишонланмоқда. Зеро жорий йил юртимизда ветеринария хизмати алоҳида йўналиш сифатида ташкил этилганлигига 115 йил тўлди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ветеринария инфраструктурасини шаклланиши ва ветеринария хизматининг ривожланиши, Республикамизда эпизоотик ва эпидемик барқарорликни таъминланишини ҳамда ахолининг ўсиб бораётган эхтиёжини қондириш учун хавфсиз ва истеъмолга яроқли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг етиштирилиши ва ҳалқаро савдо-сотиқ алоқаларининг ривожланишини ифодалайди.

Юқорида таъкидланганидек ветеринария соҳасининг ўрганилиши, ривожланиши ва шаклланишида отлар асосий ўрин эгаллаган. Таъкидлаш жоизки, аҳолига ветеринария хизмати кўрсатишда бугунги кунда ҳам Республикамизнинг тоғли ва чекка худудларида ветеринария врачлари отларнинг ёрдамидан кенг фойдаланиб келмоқда.

Отлар ветеринария соҳасининг ривожланишига ҳамда ветеринария врачининг энг яқин кўмакчиси сифатида хизмат қилиб келган бўлиб, бу анъана бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда. Бир сўз билан айтганда, отлар ҳақли равишда ветеринария соҳасининг пайдо бўлиши ва ветеринария врачи деган касбнинг дунёга келишининг энг асосий сабабчиси сифатида эътироф этишимизга асос бўла олади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда отлар ҳалқимиз орасида садоқат, дўстлик, уддабуронлик, тезлик ва мардлик рамзи сифатида қадрланиши, анъаналаримиз билан уйғунлашиб кетганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг ветеринария соҳасида алоҳида муваффақиятларга эришган ветеринария врачларини соҳанинг яралиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳамда бу борада ветеринария врачларига кўмакчи бўлган тулпор акс этган рамз (ҳайкалча) билан тақдирланиши ҳамда ушбу конкурсни “Олтин тулпор” деб номланиши мақсадга мувофиқ деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 февралдаги топшириғига мувофиқ “Ҳалқаро ветеринария куни” муносабати билан ветеринария врачлари иштирокида жорий йилнинг 27 апрел куни “Туркистон” санъат саройида Республикамизда биринчи Ўзбекистон ветеринария конференцияси ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси бош давлат ветеринария инспектори Б.Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ж.Азимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Б.Тажиев, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров, Тошкент давлат аграр университети ректори, профессор Б.Сулаймонов, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти проректори, профессор Р.Давлатов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ветеринария хизмати бошлиғи, полковник А.Чудинлар сўзга чиқдилар.

Конференция доирасида Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ветеринария хизматида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида қисқа метражли фильм намойиш этилди ҳамда “Олтин тулпор” конкурси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб, 11 номинация бўйича 23 нафар совриндорларга “Олтин тулпор” мукофоти топширилди. Жумладан, Навоий вилояти Хатирчи тумани "Ш.Рашидов" ветеринария участкаси врачи А.Қаршиев йилнинг энг яхши ветеринария врачи номинациясини қўлга киритди. Тадбир давомида эл севган санъаткорлар иштирокида чиқишлар ҳавола қилинди.

Давлат ветеринария 
бош бошқармаси