1 Май 2018

ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРОНИНГ ЭКСПЕРТЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифа ва функциялари белгиланди. Шунингдек, давлат ветеринария хизмати олдига бир қатор устувор вазифа ва йўналишлар белгилаб берилди.

Хусусан, Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ветеринария хизматини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва донорларнинг маблағларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017 йилнинг 18-20 октябр кунлари Халқаро ветеринария ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро) бош директори мамлакатимизга расмий ташриф билан келиб, Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро Эпизоотик Бюро ўртасида меморандум имзоланди.

Ташриф давомида бюро бош директори Жаҳон банки ва Осиё тараққиёти банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари билан ҳам учрашиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар тўғрисида келишиб олинди. Мазкур келишувларга мувофиқ жорий йилнинг 1-11 май кунлари Халқаро Эпизоотик Бюронинг экспертлари Ветеринария хизматини баҳолаш якунларига асосан ветеринария хизматини 2018 - 2022 йилларда янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда.

Бунга кўра, ветеринария хизмати кўрсатиш салоҳиятини ошириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш, ҳайвонларни идентификация қилиш ишларини самарали ташкил этиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда “Хўжаликдан-дастурхонгача” тамойили асосида ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эксперт вакиллар томонидан Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда ушбу тадбирларни амалга ошириш тизими ҳамда беш йиллик учун ривожлантиришнинг устувор жиҳатларини белгилаб, унинг бюджети ишлаб чиқилмоқда.

Ишлар якунига кўра Давлат ветеринария хизматини келгуси беш йилликка мўлжалланган ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, халқаро молия институтлари ва донорларга кўриб чиқиш учун тақдим этилиши режалаширилмоқда.

Халқар экспертларнинг таҳлилига кўра, бугун Ўзбекистонда ветеринария хизмати тубдан ислоҳ қилиниб, соҳанинг тараққиёти янги босқичга олиб чиқилиши, соҳада керакли барча ҳуқуқий ҳамда фундаментал асослар яратилганлиги Ўзбекистон ветеринария соҳасида кейинги қадамни ташлашга тайёр эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, Ўзбекистонда ветеринария соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида Халқаро Эпизоотик Бюронинг тавсияларидан кенг фойдаланилаётганлиги бугун Ўзбекистонда ветеринария хизматини ҳалқаро андозалар асосида ташкил этишга қаратилаётган саъй ҳаракатлар деб баҳолаш мумкин.


Давлат ветеринария қўмитаси
Матбуот хизмати