Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси (кейинги ўринларда -қўмита деб аталади) ва унинг худудий тизим ташкилотларида (кейинги ўринларда тизим ташкилотлари деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.
2. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
3. Ушбу Низомнинг амал қилиши:
кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;
таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;
шикоят – бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;
аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;
мурожаатнинг дубликати – айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;
такрорий мурожаат – аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;
электрон мурожаат – электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.
5. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилиб, ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.
6. Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.
7. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.
Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларининг “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раисининг виртуал қабулхонаси ва унинг тизим ташкилотларининг расмий веб-сайти орқали ёки тизим ташкилотининг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатлар мазкур Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
8. Мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этилиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўрилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича тизим ташкилотининг ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши шарт.
9. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.
Мурожаатлар уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.
10. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
11. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
12. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоидага кўра, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар бу тизим ташкилотининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, тизим ташкилотига мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.
Бўйсунув тартибида юқори органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.
Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати тизим ташкилоти томонидан тикланади.
13. Тизим ташкилотида ушбу Низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизими жорий қилиниши мумкин.
2-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
14. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш қўмитанинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш шўъбаси мудири(кейинги ўринларда-масъул ходим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
15. Электрон мурожаатлар келиб тушган куниёқ қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.
16. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан рўйхатга олинади.
Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига келиб тушган мурожаатлар мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналида рўйхатга олинади, ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампи қўйилади.
Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган ташкиолт таркибий бўлинмасининг номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.
Қайд этиш штампида тизим ташкилотининг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва мурожаатнинг тартиб рақами кўрсатилади.
Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.
17. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат
ва унинг иловалари борлиги текширилади.
Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири мурожаатлар мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимда қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.
Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.
18. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим, шунингдек тизим ташкилотининг таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин мурожаатни ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.
19. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари тизим ташкилотига оғзаки мурожаат этганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.
20. Мурожаатлар мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан ўрганиб чиқилиб, мурожаат ва унинг муаллифларига оид маълумотлар электрон дастурга киритилади.
21. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай тизим ташкилоти раҳбарига ёки мурожаатнинг мазмунига қараб тааллуқлилиги бўйича раҳбар ўринбосарига киритилади.
Раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюция (топшириқнома) қўяди.
22. Резолюция қўйилган мурожаат мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан махсус карточкага қайд қилиниб, назоратга олинади ҳамда резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тегишли чоралар кўриш учун резолюция (топшириқнома)да масъул этиб белгиланган ижрочиларга етказилади.
23. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига келиб тушган мурожаатлар тизим ташкилотининг иш юритувига қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида тизим ташкилотининг қуйи бўлинмасига (ташкилотга) (кейинги ўринларда қуйи орган деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилиши мумкин.
24. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган мурожаатлар келиб тушган тақдирда, беш кун муддатдан кечиктирмай раҳбар ёки раҳбар ўринбосари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Бунда мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг асли мурожаатни кўриб чиқиш учун тегишли органга юборилаётган хатга илова қилинади.
Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.
25. Мурожаатда фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган жиноятлар тўғрисида маълумотлар баён этилаётганлиги аниқланса, уни юридик хизмат билан келишган ҳолда узоғи билан беш кунлик муддатда тизим ташкилоти раҳбарияти имзоси билан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши ва бу ҳақда муаллифга маълум қилиниши таъминланади.
26. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки раҳбар ёки раҳбар ўринбосари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.
27. Агар резолюцияда ижрочи сифатида белгиланган бир таркибий бўлинма келиб тушган мурожаат бошқа бир таркибий бўлинмага тааллуқли бўлса, ушбу мурожаат ижрочи сифатида белгиланган таркибий бўлинма бошлиғининг билдиргисига асосан тизим ташкилоти раҳбарияти розилиги билан тегишли бошқармага ўтказилади.
28. Мурожаатларда бир нечта таркибий бўлинмаларнинг ваколат доирасига тааллуқли масалалар бўлса, ижрочилар орасида биринчи бўлиб қайд этилган таркибий бўлинма ижро учун масъул бўлиши билан бир қаторда бошқа ижрочилар ҳам белгиланган муддатда ижросини таъминлаш ва сифатли ижро этилиши учун жавобгар ҳисобланади ҳамда улар томонидан мурожаат бўйича тўла ҳажмда ўрганиш ўтказилиб, ягона топшириқ тайёрланиши, шунингдек, мурожаатга тааллуқли жавобларни биринчи ижрочи бошқа (бошқа ижрочилар ўрганиш натижалари бўйича ўз жавобларини мурожаатнинг сўнги ижро муддатидан камида бир кун олдин тақдим этишлари шарт) ижрочилардан олиб, якуний жавоблар юборилишини таъминлайди.
29. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ушбу тизим ташкилотининг ваколатлари доирасида – белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
30. Қонуннинг 18-моддаси бешинчи қисмида белгиланган тартибда бошқа давлат органлари томонидан тизим ташкилотига сўров юборилган тақдирда, агар сўралаётган ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, сўралаётган ахборот сўров юборган давлат органига ўн кун ичида тақдим этилиши шарт.
31. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда мурожаат жойнинг ўзида кўриб чиқилиши таъминланиши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш тизим ташкилоти раҳбарининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.
32. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда тизим ташкилоти раҳбарияти томонидан мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборилади.
33. Мурожаатларда баён қилинган важларни ўрганиш жараёнида қўшимча маълумотлар, тегишли меъёрий ҳужжатлар ва ноқонуний ҳаракати устидан шикоят қилинаётган мансабдор ёки бошқа шахсларнинг тушунтиришлари талаб қилиб олиниши мумкин.
34. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун тизим ташкилоти томонидан тегишли ваколатлар доирасида жалб этилади.
35. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун тизим ташкилоти томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.
36. Ҳар бир мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра мурожаат этган шахснинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари тўла ёки қисман қаноатлантирилганлиги, важлар ўз тасдиғини топган ёки топмаганлиги, тушунтириш берилганлиги ёки тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилиши тўғрисида якуний тўхтамга келинади.
37. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тизим ташкилоти томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни республика
ва вилоят аҳамиятига молик тизим ташкилотида – раҳбар, унинг ўринбосарлари; туман
ва шаҳар аҳамиятига молик тизим ташкилотида – раҳбар қабул қилади.
Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.
Мурожаатларни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ тўлиқ ўрганиб чиқилганлиги юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши шарт.
38. Мурожаатга жавоб хати раҳбар ва раҳбар ўринбосари томонидан имзоланади.
Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.
39. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
40. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.
Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.
Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.
41. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.
Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда тизим ташкилоти мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.
42. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар ёки раҳбар ўринбосарлари томонидан назоратдан ва ижродан олинади.
43. Мурожаатларни белгиланган муддатларда ушбу Низом талаблари асосида тўлақонли кўриб чиқилишини, ўрганиш якунлари бўйича муаллифларни, кўрсатмада белгиланган бўлса, тизим ташкилоти раҳбариятини ёки заруратга қараб вазирлик ёки тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, хўжалик бирлашмаларини расмий равишда хабардор қилиш масъулияти Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига раҳбарияти томонидан мазкур мурожаатни кўриб чиқиш учун масъул этиб белгиланган тегишли таркибий бўлинма раҳбари (масъул ходим) зиммасига шахсан юклатилади.
44. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари марказий аппаратида назоратга олиниб, алоқа хатлари орқали ижро учун юборилган мурожаатлар тизим ташкилотининг ҳудудий ташкилотлари томонидан рўйхатга олинади, унда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, ўрганиш натижалари бўйича хулоса ва тўпланган материалларнинг асли тизим ташкилотига тақдим этилади.
45. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.
46. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар мазкур бобда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.
47. Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
48. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат тизим ташкилотининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза тизим ташкилоти томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
3-боб. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан
келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш
49. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
50. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан мурожаатни бевосита кўриб чиқиш ёки тегишлиги бўйича ҳудудий бўлинмаларга ижрога юбориш биринчи раҳбар резолюцияси билан амалга оширилади ва назоратга олинади.
51. Мурожаат тегишли ташкилотларга юборилган тақдирда, мазкур ҳолат тўғрисида мурожаат этувчи ёзма ёхуд электрон шаклда хабардор қилинади.
Мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича жавоб хати қўмитанинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш шўъбаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси Ишчи гуруҳига, шунингдек мурожаатчига ёзма ёхуд электрон (далолатнома) шаклда юборилади.
52. Қўшимча ўрганиш ва текшириш талаб этилган ҳолларда, мурожаат этувчини хабардор қилган ҳолда қўмитага ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси Ишчи гуруҳига мурожаат муддатини узайтириш юзасидан ахборот тизими орқали сўров жўнатилади.
4-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари
53. Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича ҳал этиши шарт бўлган тизим ташкилотига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли тизим ташкилоти раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
54. Таклиф Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
Мурожаатнинг назорат муддати Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбари томонидан узайтирилади.
55. Айрим ҳолларда, тизим ташкилоти раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддати белгиланиши мумкин.
56. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан қайд қилинган санадан ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.
5-боб. Мурожаатларни кўрмай қолдириш
57. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
58. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тизим ташкилотининг юридик хизмати ёки мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.
Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса тизим ташкилотининг юридик хизмати бошлиғи (юрисконсульт) ёки тегишли Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбари томонидан тасдиқланади.
Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида “ишонч телефони” жорий этилган тақдирда, “ишонч телефони”дан тушган мурожаатлар Қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.
Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.
59. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки таркибий бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.
Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.
6-боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини
қабул қилишни ташкил этиш
60. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.
Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан амалга оширилади.
61. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбари ва раҳбар ўринбосари томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал асосида белгиланган кун, соат ва жойларда амалга оширилади.
Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган махсус хонада амалга оширилади.
62. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек, қабул қилиш тартиби тизим ташкилотининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, тизим ташкилотининг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.
Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.
63. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
64. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари қабулхонасига ариза, таклиф ва шикоят билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим, тегишли таркибий бўлинма раҳбари ёки масъул ходимлари томонидан қабул қилинади, мурожаатлар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобига тегишли тартибда қайд этилади ва ташкилот раҳбарияти резолюцияси билан умумий асосларда ижрога қаратилади.
65. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобида тартиб рақам, қабул қилинган сана, жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, мурожаатнинг қисқача мазмуни, қабул қилган масъул ходим, ижрочи ходимнинг фамилияси, исми ва шарифи, ижро муддати ва натижаси тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.
66. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбариятининг қабул кунлари ва соатларидан бошқа вақтда, улар хизмат сафарида, меҳнат таътилида ва бошқа узрли сабабларга кўра бўлмаган вақтда мурожаат билан келган шахслар мурожаатда баён этилаётган масала моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тизим ташкилотининг ушбу масалага мутасадди таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
67. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобида қайд этилган мурожаатлар мазкур Низомнинг 2-боби талаблари асосида кўриб чиқилади.
68. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Низомда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.
69. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш тизим ташкилотининг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.
70. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларининг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан тизим ташкилоти ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас, ушбу Низомнинг 68-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
71. Шахсий қабул давомида тизим ташкилоти раҳбариятининг қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио ва видео ёзув, шунингдек, фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.
72. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбари, раҳбар ўринбосарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан ташкил этиладиган қабулларини мунтазам ўтказиб борадилар.
73. Сайёр шахсий қабуллар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан ташкил этиладиган қабуллар вақтида мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ва тизим ташкилотининг бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.
74. Сайёр шахсий қабуллар тизим ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.
Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.
75. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 62-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
76. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 65-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
7-боб. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг
ҳуқуқлари ва давлат органларининг мажбуриятлари
77. Мурожаат Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.
78. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларининг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:
жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;
мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек, агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;
мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт.
Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган тизим ташкилотининг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.
79. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида мурожаатларни кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатга (ҳаракатсизликка) барҳам беришга доир чора-тадбирларни дарҳол кўриши,ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаши, мурожаат этганлиги муносабати билан жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари таъқиб қилинишига белгиланган тартибда барҳам бериши шарт.
80. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборот тизим ташкилоти ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.
8-боб. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш
81. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун масъул этиб белгиланган тизим ташкилотининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда маъсул ходимлари томонидан мурожаатларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини доимий назорат қилиш, мурожаатлар ҳисоби ва ҳисоботини юритиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан амалга оширилади.
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида тизим ташкилоти раҳбарини дарҳол хабардор қилади.
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда ташкилот раҳбарига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган ташкилот ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.
82. Ташкилот жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар ой ва ҳар чорак якуни бўйича мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.
Таҳлил натижалари бўйича мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ташкилот раҳбарига ташкилотда мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
83. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва уларнинг ижроси аҳволи юзасидан тегишли маълумотлар даврий равишда ташкилотнинг юқори органи ва марказий аппарати мажлислари, ташкилот раҳбарияти ҳузуридаги йиғилишлар муҳокамасига киритилади.
84. Ҳар ойнинг якуни билан мурожаатлар билан ишлашга оид, шу жумладан
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасидан кўриб чиқиш учун юборилган мурожаатлар билан ишлашга оид
ҳисобот вазирликнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига тақдим этилади.
85. Ҳар чорак якуни билан белгиланган муддатларда ўрнатилган шакллардаги ҳисобот ва таҳлилий маълумотлар ташкилот раҳбариятига ва вазирликка тақдим этилади.
86. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида қонунчиликда белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимлардан тушунтириш хати олади ва мазкур ходимларга нисбатан тегишли чораларни кўриш тўғрисида раҳбариятга таклиф киритади.
9-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби
бузилганлиги учун жавобгарлик
87. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
88. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек, юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.
89. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси ёхуд шикояти ана шу мурожаат бўйича қонунга хилоф қарор қабул қилган давлат органи томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг талаби билан жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.
90. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи томонидан тўланган маблағлар айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.
91. Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ёки юридик шахсдан суднинг қарорига кўра ундириб олиниши мумкин.
92. Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбари ёки раҳбар ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва бошқа ходимлар ушбу Низом талабларига қатъий риоя этилиши ва хизматда тўғри фойдаланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.