1 Июл 2020

“BOMCA” дастури доирасида пандемия даврида чегараларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди

“BOMCA” дастури доирасида пандемия даврида чегараларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Европа экспертлари билан онлайн мулоқот ташкил этилди. 

Унда қўмита чегара ветеринария назорати масъул ходимлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъуллари ҳамда Латвия Республикаси экспертлари Яна Фелдман, Риналдс Белийс, Ингрида Гулбе-Отанке ва Ивета Шице-Тределар иштирок этишди. 

Видеомулоқотда “BOMCA” (Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури) дастури доирасида пандемия шароитида чегараларни бошқариш чоралари тўғрисида хабардорликни ошириш, чегараларни стратегик бошқаришда COVID-19 пандемиясининг таъсири масалалари муҳокама қилинди. 

Латвия Республикаси Озиқ-овқат ва ветеринария хизмати чегара назорати департаменти директори Ивета Сиcе-Треде коронавирус инфекциясининг мамлакатлар иқтисодиётига кўрсатаётган салбий таъсири хусусидаги фикрларини баён этаркан, чегара хавфсизлигини мунтазам равишда таъминлаш учун давлат идоралари ўртасида стратегик ёндашув ва ҳамкорлик зарурлигига тўхталиб ўтди.

Видеомулоқотда Марказий Осиё давлатлари чегараларини бошқариш тизимини ривожлантиришда коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши самарали ёндашувлар талаб этилиши таъкидланди. 

Шунингдек, COVID-19 пандемияси шароитида чегараларни бошқариш бўйича латвиялик экспертларнинг тақдимотлари намойиш этилди.






Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати