4 Июн 2020

Ветеринария хизматини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Ветеринария хизматини ривожлантириш концепцияси  ишлаб чиқилмоқда

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида соҳани янада ривожлантириш бўйича 2020-2030 йилгача бўлган давр мобайнида барқарор ривожланишга мўлжалланган концепция стратегиясини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.  

Тадбирда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ш.Джаббаров, раис ўринбосари А.Акбаров ҳамда қўмита бўлим ва бошқарма бошлиқлари, тизимдаги республика ташкилотлари ва илмий муассасалар масъуллари иштирок этди.  

Унда Ветеринария хизматини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини йўналишлар бўйича ишлаб чиқиш ва бевосита илм-фан ҳамда амалиётнинг узвий боғлиқлиги таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.  

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимиз ветеринария соҳасини ислоҳ қилиш, давлат ветеринария хизматини янада яхшилаш, соҳада давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш, Республикада эпизоотик барқарорликни таъминлаш, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.  

Шу билан бирга соҳани янада ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган миллий мақсадларга эришишни таъминлаш мақсадида тизимни 2030 йилгача бўлган давр мобайнида барқарор ривожланишга мўлжалланган концепция стратегиясини белгилаш зарурати юзага келмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизга Халқаро Эпизоотик Бьюро (OIE) экспертлари жалб этилиб, Ўзбекистонда ветеринария хизматини баҳолаш, ривожлантириш миссиялари амалга оширилди. Шу билан бир қаторда алоҳида экспертлар жалб қилиниб, соҳани ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Ветеринария хизматини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини йўналишлар бўйича ишлаб чиқиш учун масъул ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, вазифалар белгилаб берилди. Концепция лойиҳасини тайёрлашда соҳани янги босқичга олиб чиқиш, тизимни янада ислоҳ қилиш, тармоқларни босқичма-босқич ривожлантириш юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар билан асосли таклифлар ишлаб чиқилишига, шунингдек ҳар бир амалга ошириладиган вазифаларни белгилашда илм-фан ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлашга, рақамли технологияларни бевосита амалиётга жорий қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Глобал иқлим ўзгариш шароитида эпизоотик барқарорлик таъминлаш, ҳайвонлардан одамларга юқадиган зооноз касалликларнинг олдини олиш ва буткул йўқотиш масаласи илгари суриляпти. Тақдимот давомида яна бир муҳим жиҳат – ветеринария хизматига ахборот технологияларини жорий этиш, тармоқни ахборот алмашув тизими билан боғлаш ишлари юзасидан қатор чора тадбирлар олиб бориляпти. Айниқса, ҳайвонларни идентификация қилиш ва электрон назорат тизимини йўлга қўйиш чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига кенг йўл очиши борасидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.









Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш 

Давлат қўмитаси Ахборот хизмати