1 Июл 2021

Кармана туманида “Куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касалликларининг олдини олишга қаратилган устувор вазифалар” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди

Кармана туманида “Куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касалликларининг олдини олишга қаратилган устувор вазифалар” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди

Унда Навоий вилояти Кармана туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда туман Тиббиёт бирлашмаси ходимлари иштрок этишди.

Семинарнинг биринчи қисми даставвал тумандаги “Канс-маркет” тижорат корхонасига қарашли чорвачилик комплексида ўтказилди. 

Унда юқумли касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича назарий тушунчалар берилди. 

Сўнгра касаллик аниқланганда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар малакали мутахассислар томонидан семинар иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.

– Куйдирги ҳамда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади, - дейди Кармана туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Азиз Пирназаров. 

– “Илмий манбаларда куйдирги касаллиги бактериясининг спорали шакли ташқи муҳитга ўта чидамли экани қайд этилган. 

Ушбу касаллик бактерияси юз йилгача тупроқда тирик сақланиши мумкин. У ўсимликлар орқали ҳайвонлар организмига тушгач, тез ривожланади ва ҳайвон маҳсулотлари орқали одамларга юқади. Куйдирги касаллигининг асосий белгиси баданда яра пайдо бўлади. 

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги эса чорва молларида учрайдиган каналар орқали тарқалади. Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги инсон танасида ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тоширади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур”.

Семинарда касаллик аниқланган беморга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, касаллик аниқланган ҳудудни карантинга олиш ва дезинфекция ишларини олиб бориш бўйича амалий машғулотлар олиб борилди.

Семинарнинг иккинчи қисми туман Юқумли касалликлар шифохонасида давом эттирилиб, унда беморга кўрсатиладиган бирламчи тиббий ёрдам юзасидан маълумотлар берилди.




Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати