1 Ноя 2019

Ҳайвонларга шафқатли бўлинг!

Ҳайвонларга шафқатли бўлинг!

Афсуски, кейинги пайтларда Республикамизнинг турли ҳудудларида фуқароларнинг ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанд вилоятидаги воқеалар бунинг яққол исботидир. Бундан бир-икки ҳафта муқаддам эса, яна бир жирканч холат – фуқаронинг итга нисбатан ақлбовар қилмас даражада муносабатда бўлиши (итнинг устига бензин қуйиб тириклайин ёқиб юборгани) ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 3 майдаги СҚ-414-III-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун жамиятнинг аъзоларининг ахлоқий ва инсоний фазилатларини мустаҳкамлашга, ҳайвонларга шафқатсиз муносабат натижасида уларнинг ўлимига йўл қўймасликка қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига кўра, Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек, ҳайвонларни қийнаш;
-энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;
-худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бўлса-энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш чораси қўланилишига сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. (Бу ҳолатга тегишли ташкилот ва идоралар ўз муносабатларини билдиришса керак.)
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳатто ислом динида ҳам ҳайвонларга сабабсиз озор ва азоб бериш, шунингдек, турли ҳайвонларни уриштириш, ўйинларига пул тикиб қимор ташкил қилиш, ҳатто тирик ҳайвонларнинг аъзоларини кесиб, яралаш кескин қораланади. Ҳайвонларни азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда ҳам оғир гуноҳ эканлиги барчага маълум.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш фуқаролар маънавий ва ахлоқий тарбиясининг муҳим шакли бўлиб, жамиятда қайсидир маънода ахлоқий нормалар бузилишининг олдини олади.
Шунинг учун, ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни мактабларда, касб-ҳунар билим юртларида ва олий таълим муассасаларида босқичма-босқич шакллантириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Ҳурматли юртдошлар, ҳайвонларга шафқатли бўлинг!

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати