1 Дек 2021

Тошкентда “Асал байрами” тадбири бошланди

Тошкентда “Асал байрами” тадбири бошланди

Бугун Тошкентда “Асал байрами” тадбирининг очилиши маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси, АТ "Алоқабанк АТБ раҳбарияти ҳамда асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркор-фермерлар иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3327-сонли қарорида белгилаган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Соҳада амалга оширилаётган кўплаб чора-тадбирлар натижасида тармоқни йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, бу борада ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидланди.

Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланиб бораётган “Асал байрами” тадбири давомида соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилаётгани, асаларичилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, янги замонавий технологиялар ҳамда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини кенг жорий этиш ҳамда аҳолига сифатли асалари маҳсулотларини арзон нархларда етказиб беришга кенг имкон яратаётгани алоҳида эътироф этилди.

Пойтахтимизда бошланган “Асал байрами” тадбирида республикамизнинг барча вилоятларидан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар ва соҳанинг 2000 га яқин илғор вакиллари ҳамда қўшни республикалардан соҳа вакиллари иштирок этишмоқда. 

"Асал байрами" жорий йилнинг 10 декабрь санасига қадар давом этади.







Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати