3 Июл 2020

Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантиришнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантиришнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилмоқда

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида 2021-2030 йилгача бўлган давр мобайнида чорвачиликни барқарор ривожлантиришга мўлжалланган стратегия тақдимоти бўлиб ўтди.  

Унда қўмита раиси ва раис ўринбосарлари, қўмита масъул ходимлари ҳамда консалтинг компаниялар экспертлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантиришни 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси бўйича музокаралар олиб борилди. 

Унда Республикада чорвачилик ва унинг тармоқларини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамжларини янада ошириш, аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, жаҳон тажрибалари асосида тармоқларни ислоҳ қилиш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикрлар илгари сурилди.  

Ўзбекистон Республикасининг чорвачилик соҳасини ривожлантириш стратегияси халқаро стандартларга мос равишда илғор хорижий тажрибалар, халқаро ташкилотлар экспертларининг фикр-мулоҳазалари ўрганилган ҳолда ишлаб чиқилаётгани такидлаб ўтилди.

Мамлакатда аҳоли сонининг ўсиб бориши, уларни чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабининг бугунги кундаги кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, стратегиянинг асосий мақсад ва вазифалари белгиланди.

Шунингдек, республика аҳолисини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш;

чорвачилик ва унинг тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, маҳсулот сифатини янада яхшилаш ва халқаро миқёсда рақобатбардошлигини ошириш;

соҳада давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш;

тармоққа илм-фан, рақамли ахборотлар тизимларини кенг жорий этиш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, Республикадаги паст рентабелли фермер хўжаликларининг инфратузилмасини қайта кўриб чиқилиши, яйлов ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, озуқа етиштириш, қорамоллар зотини яхшилаш, оилавий кооперациялар ва класстер тизимларини янада такомиллаштириш каби вазифалар долзарблиги қайд этилди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати