4 Апр 2023

Наслли қорамоллар маҳаллий шароитга мослаштирилмоқда

Наслли қорамоллар маҳаллий  шароитга мослаштирилмоқда
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ветеринар ва чорвачилик соҳаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида давлатимиз раҳбарининг “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини кўздан кечирмоқда.
Ишчи гуруҳ Сирдарё туманидаги “Султон” фермер хўжалигида бўлиб, мазкур хўжалик мисолида туманда чорва озуқасини интенсив етиштириш, чорвачилик кооперацияларининг самарадорлиги, шунингдек четдан келтирилган наслли қорамолларни маҳаллий иқлимга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мажмуада жами 1840 бош қорамол мавжуд. Шундан 450 боши сигир бўлиб, кунлик сут ишлаб чиқариш 16-17 тоннани ташкил этади.
Хўжаликнинг тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилган. Ҳар бир бош сигирдан ўртача 30-32 литрдан сут соғиб олиниб, фойдали иш коэффициенти 20 фоизга оширилишига эришилган. Озуқа экин майдонларидан бир йилда икки марта ҳосил олиш амалиётга жорий этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, хўжалик мутахассислари қорамоллар наслини яхшилаш бўйича “Чорвачилик илмий текшириш” институтининг илмий ходимлари билан биргаликда “Голштин-фриз” зотли қорамоларнинг юқори маҳсулдорлигини сақлаб қолиш, вилоят шароитига мослаштириш устида илмий тажриба ўтказишмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш қўмитаси
Ахборот хизмати