Қашқадарё вилоятида ветеринария ва чорвачилик соҳаларини янада ривожлантириш бўйича семинар ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда чорва моллари ва паррандалар бош сонини барқарор ошириш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилишни самарали ташкил этиш, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликлари фаолияти ҳамда чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари кўпайтирилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида ҳудудларда семинарлар ўтказилиб, тушунтириш ва тарғибот ишлари йўлга қўйилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида ҳам ана шундай ўқув семинарлари ташкил этилди.
Ўтказилган семинарларда қўмита масъул ходимлари Ж.Турсагатов ва Ш.Раҳматуллаев, Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессори Б.Эшбўриев, Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти директори А.Нурматов, ветеринария мутахассислари ҳамда ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарда ҳудудда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, ҳайвонлар касалликлари тарқалишининг олдини олиш, чорвачиликда наслчилик ишларини самарали ташкил этиш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, семинар давомида ҳудудда наслли қорамоллар бош сонини ошириш, соҳада янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда идентификация ишларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати