6 Дек 2021

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъули билан учрашди

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъули билан учрашди

Остона шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ҳамда ишбилармонлар кенгашнинг 4-йиғилиши доирасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Джаббаров Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ветеринария назорати ва назорат қўмитаси раиси Асқар Якуббаев билан учрашув ўтказди.

Учрашувда ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик жарёнлари атрофлича муҳокама қилинди. 

Музокаралар давомида икки давлатнинг ўз маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарини реестрга киритиш, чорвачилик маҳсулотларининг ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, ветеринария назорати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди.

Учрашувда соҳада истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш, чорва молларини парваришлаш, ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон-Қозоғистон савдо уйи иштирокида Қозоғистон гўшт иттифоқи вакиллари билан ҳам учрашув ташкил этилди. 

Учрашувда гўшт маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш ва бу борада икки давлат тадбиркорлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.



Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати