7 Сен 2021

ҚЎМИТА РАИСИ ХАЛҚАРО ЖАМҒАРМА РАҲБАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

ҚЎМИТА РАИСИ ХАЛҚАРО ЖАМҒАРМА РАҲБАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Дина Салеҳ бошчилигидаги Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси вакиллари билан мамлакатимизда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш учун халқаро гранд маблағларни жалб этиш бўйича музокара ўтказди.

Хабарингиз бор, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси иштирокидаги “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 мартдаги ПҚ-5017-сонли қарорига асосан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилган эди.

Бугунги кунгача лойиҳанинг 17,4 млн АҚШ доллари ёки 73% га тенг маблағи ўзлаштирилди. Киритилган сармоя натижасида 413 та лойиҳага кредит ажратилди.

Жумладан, 228 та лойиҳа дехқон хўжаликларига, 143 та лойиҳа фермер хўжаликларига, 18 та лойиҳа сутни қайта ишловчи корхоналарга ва 24 та лойиҳа хусусий ветеринария тармоғи ва озуқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга кредитлар ажратилиб, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 1290 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, халқаро ва маҳаллий консультантлар иштирокида ташкил этилган семинар-тренинглар натижасида 13 минг нафардан ортиқ дехқон ва фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари мутахассислари чорвачилик соҳасида ўз билим ва малакаларини оширди.

Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси юримизда 2013 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Фаолияти мамлакат иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун қарз ва грант маблағларини тақдим этишдан иборат.

Бугунги кунда жамғарма билан инвестиция, молиявий ва техникавий ҳамкорликнинг умумий ҳажми 140 млн. АҚШ долларини ташкил этади.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати