7 Июл 2020

#COVID19 ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ТАДБИРЛАР ЮЗАСИДАН ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРО МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ОНЛАЙН ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

#COVID19 ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ТАДБИРЛАР ЮЗАСИДАН ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРО МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ОНЛАЙН ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йил 7 июл куни Халқаро Эпизоотик Бюро Бош директори Моник Элуа хоним бошчилигида 180 давлатнинг делегатлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.  

Онлайн тадбирда, Халқаро Эпизоотик Бюронинг Ўзбекистондаги доимий делегати, Ветеринария ва чорвачиликкни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров иштирок этди.  

Мазкур онлайн тадбирда #COVID19 коронавирус пандемиясининг тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган бир қатор чоралар, ҳайвонларни мазкур инфекция бўйича диагностика қилиш масалалари муҳокама қилинди.  

Бугунги кунда глобал муаммога айланган #COVID19 инфекциясига қарши курашишда бутун жаҳонда ветеринария хизмати муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори М.Элуа барча вакилликлар ва делегатларни ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш, яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳамда ҳар қандай янги маълумотлар ва касалликка қарши курашишда орттирилган илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга чақирди.

Видеоконференцияда Халқаро Эпизоотик Бюро томонидан бир нечта техник гуруҳлар ушбу касалликни тадбиқ этиш учун жалб қилинганлиги, ушбу маҳсус гуруҳлар томонидан жаҳон миқёсида илмий-тадқиқот ишлар кенг кўламда олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Сўзга чиққан гуруҳ аъзолари соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан ветеринария ташкилотлари ҳамкорликда “Ягона соғлиқ” – “One Health” концепцияси доирасида биргаликда ушбу касалликка қарши курашиш зарурлигига тўхталиб, ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар, бирламчи натижалар ва маълумотлардан самарали фойдаланиш тавсия этилди.

Юртимизда ҳам ушбу касаллик билан курашишда Давлат ветеринария хизмати томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, барча ветеринария давлат органлари ва муассасаларида, чегара ветеринария назорат пунктларида зарурий дезинфекцияловчи воситалар заҳираси яратилиб, барча зарурий профилактик чоралар кўрилмоқда.

Коронавирусдан сақланиш ҳамда ҳайвонларни парваришлашда тўғри ёндошув ташкил этиш юзасидан тавсиялар, кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, ҳайвон эгалари ва мутахассисларга етказилмоқда.

Пандемия оқибатида соғлиқни сақлаш ташкилотларида юзага келган эҳтиёжни қондириш мақсадида Қўмита тасарруфида бўлган ўнга яқин полимер-занжирли реакция қўйувчи замонавий лаборатория ускуналаридан касалликка ташхис қўйишда фойдаланиш йўлга қўйилди.

Ветеринария лабораториясида фаолият олиб бораётган 11 нафар малакали мутахассислар соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда махсус тайёргарликдан ўтказилиб, касалликка ташхис қўйишда кўмаклашмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Бирлашган миллатлар ташкилоти тизимидаги МАГАТЭ халқаро ташкилоти томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига грант маблағлари ажратилиб, қиймати 83 минг АҚШ доллари миқдоридаги #COVID19 касаллигига қарши курашишда фойдаланиш мақсадида лаборатория жиҳозлари жамланмаси, шу жумладан, полимер-занжирли реакция қўйувчи замонавий лаборатория ускуналари, тест тизимлари, биологик шкаф каби муҳим жиҳозлар таъминот қилинди. Ушбу жиҳозлар ишга туширилиши натижасида касалликни эрта ташҳислаш ишлари самарадорлиги янада оширилишига эришилади.









Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати