8 Июл 2020

Марказий Осиё давлатларининг Халқаро Эпизоотик Бюро ҳамда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди

Марказий Осиё давлатларининг Халқаро Эпизоотик Бюро ҳамда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Марказий Осиё давлатлари ветеринария соҳаси мутахассислари, қўмита масъул ходимлари, Халқаро Эпизоотик Бюро (OIE) ҳамда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) экспертлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.  

Унда Марказий Осиё давлатларининг ветеринария соҳаси бўйича Халқаро Эпизоотик Бюро ва FAO билан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари, бу борада имзоланиши кутилаётган меморандумнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Видеомулоқотда Халқаро Эпизоотик Бюронинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий офиси раҳбари Мереке Тайтубаев меморандум хусусида ўз фикрларини билдираркан, ушбу меморандум Халқаро Эпизоотик Бюро ва ФАО экспертлари ҳамда ташкилотга аъзо давлатларнинг OIE бўйича делегатлари билан биргаликда имзоланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.  

Видеоконференция давомида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бруцеллёз касаллиги бўйича тезкор маълумот алмашиш веб-платформаси (Vet-report маълумотларни йиғиш платформаси)нинг афзал жиҳатлари ҳамда Марказий Осиё минтақасида жорий йил биринчи чоракда амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди.

FAO ташкилотининг халқаро маслаҳатчиси Динара Иманбаева томонидан келтирилган маълумотларга кўра, FAO Вет-ҳисобот тизими маълумотларни Халқаро Эпизоотик Бюронинг “WAHIS” платформасига киритиш имкониятини яратади. Бу ўз ўрнида экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Яқин кунларда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти мутахассислари томонидан Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига электрон манзил юборилади ва мазкур тизимга уланиш имконияти пайдо бўлади. Натижада Халқаро эпизоотик бюрога аъзо барча давлатлар ҳайвонлар касалликлари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда WAHIS платформасига жойлаштириб борилади.

Маълумки, бруцеллёз касаллиги – хавфли зооноз касаллик бўлиб, кўп йиллардан буён Марказий Осиё давлатлари чорвачилигига жиддий зарар етказиб келади. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 2019 йилда худудий “Бруцеллёз касаллигини босқичма-босқич йўқотиш” лойиҳасини амалга оширишни бошлади.  

Шунингдек, видеоконференцияда мазкур лойиҳа доирасидаги муҳим вазифалар, хусусан, жорий йил FAO миссиясининг Ўзбекистонга ташрифига доир масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.



Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати